Ўзбекистон–Полша: Ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилади
2025-04-08 11:00:00 / Янгиликлар

Учрашув давомида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалиги йўналишида янги лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Хусусан, томонлар ўртасида қишлоқ хўжалиги бозорларини таҳлил қилиш, ресурсларни самарали бошқариш ва ушбу йўналишдаги илғор тажрибаларни ўзаро алмашиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Шунингдек, вазир ўринбосари Алишер Шукуров Полша билан талабалар алмашинуви юқори даражада йўлга қўйилганини таъкидлади. У ушбу соҳадаги ҳамкорликни янада кенгайтириш икки томон учун манфаатли эканини қайд этди.
Томонлар чорвачилик, кичик қишлоқ хўжалиги техникалари ва ускуналарини ишлаб чиқариш, ҳамда ушбу соҳада фаолият юритаётган тадбиркорларнинг Ўзбекистонда ташкил этиладиган халқаро кўргазмаларда иштирокини таъминлаш масалаларида ҳам фикр алмашдилар.
Шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотларини импорт ва экспорт қилиш соҳасида ҳамкорликни кучайтириш, боғдорчиликда Полша тажрибасини жорий этиш, шунингдек, полшалик аграр мутахассисларни Ўзбекистонга жалб қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида Алишер Шукуров Полша делегациясининг таклиф ва ташаббусларини мамнуният билан тинглашга, конструктив мулоқотни давом эттиришга ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ваколатлари доирасида ҳар томонлама кўмак беришга тайёрлигини билдирди.


