Ҳамкорликнинг янги босқичи
2025-04-08 09:20:00 / Янгиликлар

Учрашувда адлия вазири БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистонда қонун устуворлиги, инсонҳуқуқлари, одил судлов, инклюзивлик, гендер тенглиги, давлат бошқаруви ва фуқаролик жамияти институтларини қўллаб қувватлашга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишда қўшаётган ҳиссасини юқори қадирлашини ҳамда ташкилот ушбу йўналишларда вазирликнинг асосий ҳамкорларидан бири эканлигини маълум қилди.
Маълумот учун: Ҳозирги кунда Адлия вазирлиги билан БМТ Тараққиёт Дастури ҳамкорлигида давлат хизматларини ривожлантириш ҳамда қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Хусусан, ушбу лойиҳалар доирасида давлат хизматларини мониторинг қилиш учун “Ситуацион марказ” ташкил қилинди, “Лицензия” ва “E-Apostil” каби ахборот тизимлари яратилди, “Юридик ёрдам” ахборот тизими такомиллаштирилди.
И. Живкович ўз ўрнида, Ўзбекистонда ўтказилаётган ислоҳотларни ижобий баҳолаб, мамлакатда қонун устуворлиги ва ҳукуматнинг шаффофлигини таъминлашда Адлия вазирлиги муҳим ўрин эгаллашини қайд этди.
Тараққиёт Дастури Ўзбекистонда БМтнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш, аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, давлат хизматларини рақамлаштиришда фаол иштирок этишини маълум қилди.
“Ҳозир фарзанд кўрган она олдингидек 4-5 та такшилотга бориб ҳужжатларни расмийлаштиришга мажбур эмас, биргина туғруқхонанинг ўзида қилган мурожаати асосида барча зарур хизматларга эга бўлади ва халқаро ҳамжамиятга наъмуна сифатида кўрсата оладиган тажриба” деди учрашувда иштирок этган БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужии хоним.
Маълумот учун: Ҳозирда фарзанд туғилганлигини қайд қилиш билан бир вақтда 6 турдаги (шифохонадан туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома олиш, ФҲДЁ органида туғилганликни қайд этиш, поликлиникага ҳисобга қўйиш, бир марталик нафақа пулини олиш, яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйиш, болани давлат мактабгача таълим ташкилотига навбатга қўйиш) хизматлардан фойдаланиш имконини берувчи композит давлат хизматлари кўрсатилиши жорий қилинган.
Учрашув якунида, томонлар амалга оширилаётган лойиҳалар ва бошқа ҳамкорлик юзасидан атрофлича фикр алмашиб, ҳуқуқ ва адлия соҳасида ўзаро истиқболли алоқаларни янада жадаллаштиришга келишиб олдилар.


