Ўзбек IТ-компаниясининг Қозоғистондаги муваффақияти минтақавий ҳамкорлик учун янги имкониятларга йўл очмоқда
2025-04-03 15:35:00 / Янгиликлар

“BILLZ” – чакана савдо ва бизнеслар учун рақамли бошқарув тизимларини тақдим этувчи платформа бўлиб, Ўзбекистонда асос солинган ва ҳозирда Қозоғистон бозорида ҳам муваффақиятли фаолият юритмоқда. Компания чакана савдо корхоналарига сотув жараёнларини автоматлаштириш, мижозлар билан ишлашни яхшилаш ва бизнес самарадорлигини оширишга ёрдам берувчи илғор ечимларни тақдим этади.
Учрашув давомида “BILLZ”нинг Қозоғистондаги ютуқлари, мижозлар базасининг кенгайиши, ҳамкорлик лойиҳалари ҳамда компаниянинг халқаро бозордаги стратегияси ҳақида фикр алмашилди.
“BILLZ”нинг минтақавий муваффақияти Ўзбекистон IT-компанияларининг экспорт салоҳияти ва технологик етуклигини яна бир бор тасдиқлайди.
Шу билан бирга, делегация “Smart Point Almaty” марказида “EasyTap”, “Кwаака”, “Sabre”, “Ioka” компаниялари билан учрашувлар ўтказилди. Сессия доирасида Қозоғистон стартаплари ўз маҳсулотларини, жумладан, финтеч ечимлари, булутли платформалар ва электрон тижоратни автоматлаштириш воситаларини тақдим этдилар.
“Smart Point Almaty” – “Almaty Towers” бизнес марказида жойлашган етакчи коворкинг майдони ва IT-маркази ҳисобланади. Лойиҳа бизнес учун замонавий инфратузилма, ижодий платформалар ва ижтимоий ташаббусларни бирлаштирган ҳолда, стартаплар, IT-компаниялар ва фрилансерлар учун қулай экотизим яратади.
Олмаотадаги учрашувлар икки мамлакат бизнесининг қўшма технологик ташаббусларга ва янги бозорларга чиқиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга қизиқиши ортиб бораётганини тасдиқлайди. Ушбу ҳамкорлик нафақат Марказий Осиёнинг янги глобал ўйинчи сифатидаги мавқеини мустаҳкамлайди, балки кенгайиш учун янги имкониятлар яратиб, Марказий Осиёнинг ягона рақамли экотизимини шакллантиришга йўл очади.