Ўзбекистон-Венгрия: ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
2023-12-19 20:25:00 / Янгиликлар

Учрашувда Ўзбекистон-Венгрия ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бораётгани, бунда икки давлат раҳбарлари ўртасидаги яқин дўстона алоқалар икки томон учун ҳам ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантиришда ҳар қачонгидан ҳам очиқ ҳолда ишлаш учун барқарор ва тизимли муҳит яратилаётгани қайд этилди.
Суҳбатда вазир Иброҳим Абдураҳмонов мамлакатимиз қишлоқ хўжалигининг бугунги ҳолати билан таништирди ва айни пайтда Президентимиз бошчилигида юртимизда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, қулай сармоявий муҳит яратилаётгани йирик хорижий корхоналар билан ишлашда янги истиқболлар очаётганини таъкидлаб ўтди.
Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги иқтисодиётнинг муҳим таянчи бўлиб, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг тўртдан бир қисмини (27%) ташкил этиши ва ҳозирги кунда қишлоқ хўжалигининг умумий бозор ҳажми 22 миллиард доллардан ошгани ҳақида қисқача маълумот бериб ўтди.
Суҳбат чоғида, шунингдек, Ўзбекистонда ҳар йили 26 миллион тонна турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилиши ва бу маҳсулотларни 80 дан ортиқ мамлакатларга экспорт қилиш ҳажми барқарор ўсиб бораётгани ҳақида таъкидлаб ўтилди.
Учрашув давомида венгер дўстлар билан яқиндан ҳамкорлик натижаси ўлароқ кўпгина истиқболли лойҳалар амалиётга тадбиғ этилгани айтиб ўтилди.
Хусусан, Bonafarm Group билан Тошкент вилоятида (Оҳангарон тумани) паррандачилик кластерини йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилгани ва бу биринчи босқичда умумий қиймати 150 миллион эврони ташкил этиб, айни кунларда лойиҳа муваффақиятли амалга оширилаётгани қайд этилди.
Учрашув сўнгида қишлоқ хўжалиги соҳасида олий маълумотли кадрлар тайёрлаш йўналишида икки мамлакат илм даргоҳларининг ҳамкорлигини йўлга қўйиш бўйича ҳам фикр алмашилди.



