Осиё тараққиёт банки вакиллари билан учрашув ўтказилди
2025-04-01 12:00:00 / Янгиликлар

Унда банкнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Канокпан Лао Арая ҳамда бошқа масъул шахслар иштирок этди. Ўзбекистон томонидан Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов, вазир ўринбосарлари Илҳомжон Умрзаков ва Умид Абидхаджаев, вазир маслаҳатчиси Жасур Каршибаев, шунингдек, Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси бош ижрочи директори Муроджон Фарманов ҳамда тегишли масъуллар қатнашди.
Учрашувда Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси ҳамда банк ўртасида шартнома имзоланди.
Музокаралар давомида томонлар Ўзбекистон ва ОТБ ўртасидаги ҳамкорликнинг амалдаги ҳолати ва янги босқичларини муҳокама қилди. Хусусан, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш стратегиясининг қабул қилингани ва бу борадаги қўшма ташаббуслар бўйича фикр алмашилди.
Шунингдек, ОТБ вакиллари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш, таълим, энергетика, транспорт, сув таъминоти ва шаҳарсозлик каби йўналишлардаги лойиҳалар портфелини кенгайтириш режалари билан ўртоқлашди.
Бундан ташқари, айрим ҳудудларда шаҳарлар бош режалари устида ишлаш бўйича техник кўмак, экологик трансформация ва барқарор ривожланишга оид янги ташаббуслар, шунингдек, давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириладиган оқова сув ва таълим муассасалари лойиҳалари муҳокама қилинди.
Энергия самарадорлигини ошириш мақсадида “super ESCO” тизимини жорий этиш масаласи ҳам кун тартибидан ўрин олди.
Учрашув якунида томонлар мавжуд ҳамкорликни жадаллаштириш, янги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва техник ёрдам доирасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга келишиб олди.

