Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик ривожланмоқда
2025-03-27 10:45:00 / Янгиликлар

Унда икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш масалалари, хусусан соя ўсимлигини қайта ишлаш соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш борасида муҳокама олиб борилди.
Мулоқот аввалида Иброҳим Абдураҳмонов сўнгги йилларда икки томонлама ҳамкорлик муносабатлари ишонч ва ҳурмат, ўзаро манфаатли принциплар асосида равнақ топаётгани, айниқса, аграр таълим соҳаси ҳамда тажриба алмашинув борасидаги алоқалар ҳар қачонгидан ҳам кенгаётганлигини мамнуният билан қайд этиб, қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш икки томон учун ҳам манфаатли эканлигини, шунингдек озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.
Учрашув давомида Жосеф Сментек соя етиштириш ва уни қайта ишлаш борасида АҚШ компанияларининг бутун дунё бўйлаб амалга ошираётган лойиҳаларини, шунингдек экспорт салоҳияти борасидаги рақамларга тўхталиб ўтди ҳамда соя ўсимлигини қайта ишлаш, ундан озуқа ишлаб чиқариш борасидаги лойиҳаларни айнан Ўзбекистонда йўлга қўйиш нияти борлигини маълум қилди.
Ўз навбатида вазир Иброҳим Абдураҳмонов ҳозирги кунда ҳукуматимиз инвестицион лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини, бу борада Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳам ваколат доирасида ёрдам беришга тайёр эканлигини маълум қилди. Бунда энг асосийси, ҳужжатбозликдан самарали, амалий ишга ўтиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим эканлигини таъкидлаб ўтди.
Мулоқот давомида соя хомашёсини мамлакатимизга АҚШдан олиб келишдаги транспорт билан боғлиқ масалаларни ечиш ҳамда истеъмолчилар учун муқобил нархларда етказиб беришни таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.
Айтиш керак, бугунги кунда жаҳонда энг кўп ишлаб чиқарилган ҳамда истеъмол қилинган ёғ соя ёғи, ем-хашак саноатида энг кўп қўлланилган хомашё эса соя кунжараси ҳисобланади.
Ҳозирги кунда атроф-муҳит ифлосланишининг ортиб боргани туфайли катта аҳамият касб этган соя тупроқ структурасини яхшилайди. Чорва ҳайвонлари маҳсулдорлигини оширишда соя маҳсулотлари кенг миқёсда қўлланилади.