Асосий контентга ўтиш

Малайсиянинг «MIMOS Berhad» инновацион маркази билан ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилди

2025-03-26 09:55:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 24 март куни Малайзиянинг етакчи технологик тадқиқот институтларидан бири «MIMOS Berhad»нинг президенти вазифасини бажарувчи шахс ва бош директори доктор Саат Шукри Эмбонг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди.

Маълумот учун: «MIMOS Berhad» — Малайзиянинг амалий тадқиқот ва ривожлантириш миллий маркази бўлиб, Фан, технология ва инновациялар вазирлиги (МОСТИ) таркибига киради. 1985 йилда ташкил этилган ушбу давлат компанияси Малайзиянинг ижтимоий-иқтисодий ўсишига инновацион технологик платформалар, маҳсулотлар ва ечимлар орқали ҳисса қўшиб келмоқда.

Мулоқот давомида томонлар ўзаро ҳамкорлик истиқболлари, ахборот технологиялари, инновацион ечимлар ва рақамли ривожланиш йўналишларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари юзасидан муҳокамалар олиб борди.

Ўз навбатида, «MIMOS Berhad» вакиллари Ўзбекистонда амалга оширилаётган рақамлаштириш жараёнларини юқори баҳолаб, илғор технологияларни жорий этишда ўз тажрибаларини улашишга тайёр эканликларини билдирди.

Шунингдек, муҳокамалар давомида томонлар Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда IT экотизимини такомиллаштириш, маълумотларни қайта ишлаш технологиялари бўйича тажриба алмашиш юзасидан фикр алмашди.

Музокаралар якунида томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга келишиб олди.

181

Охирги янгиланиш: 2025-03-26 10:40:07

Малайсиянинг «MIMOS Berhad» инновацион маркази билан ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилди