Ўзбекистон ва Италия: Қишлоқ хўжалигида ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
2025-03-19 09:55:00 / Янгиликлар

Учрашувда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, мавжуд қўшма лойиҳалар ижроси ва истиқболли режалар муҳокама қилинди. Хусусан, Италия ҳукумати томонидан амалга оширилаётган “Орол денгизи минтақасида экологик ва ижтимоий-иқтисодий тикланиш дастури” доирасидаги амалий ишлар кўриб чиқилди. Орол денгизининг экологик ҳолатини тиклаш бугунги кунда долзарб масала экани қайд этилди.
Бундан ташқари, Италиянинг Tusha университети билан қишлоқ хўжалиги соҳасида мавжуд ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича таклифлар билдирилди. Хусусан, Италияда қишлоқ хўжалиги йўналишида ёзги мактаб ташкил этиш ва унга икки давлат ўқувчиларини жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифатини ошириш мақсадида Италия тажрибасидан фойдаланиш, технологик қўллаб-қувватлаш, илғор амалиётлар ва сифат назорати механизмларини жорий этиш масалаларига эътибор қаратилди. Шунингдек, ўзбек маҳсулотларининг халқаро бозорлардаги рақобатбардошлигини ошириш учун сертификатлаш дастурлари, илғор қайта ишлаш усуллари бўйича ўқув курслари ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.


