АҚШнинг “Stirling Foundation” нодавлат хайрия жамғармаси президенти билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди
2023-12-06 12:20:00 / Янгиликлар

Учрашувдан мақсад – “Stirling Foundation” жамғармаси томонидан Ўзбекистонда молиялаштирилиши мумкин бўлган лойиҳаларни аниқлаш ва келишиш ҳамда уларни жорий этиш имкониятларини ўрганиш каби масалалар юзасидан муҳокама ўтказишдан иборат эди.
Учрашувда, шунингдек, ҳамкорликни йўлга қўйиш, болалар ва ёшларнинг IT таълим олиш имкониятини таъминлаш ҳамда уларни молиялаштиришда ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш масалаларига эътибор қаратилди.
Шунингдек, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда жамғарма ўртасида ўзаро истиқболли йўналишларда, жумладан, таълим ва IT-тадбиркорлик соҳасида биргаликда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов давлатимиз раҳбари томонидан соҳа олдига белгилаб берилган 3 та асосий мақсадга тўхталиб ўтди. Жумладан, дастурий маҳсулотлар экспортини ривожлантириш, 2030 йилгача 300 мингта ёшларни IT соҳасида иш билан таъминлаш, шунингдек, халқаро рейтингда электрон ҳукумат бўйича Топ-30 таликка кириш устувор вазифа эканини алоҳида қайд этди. Бу мақсадларга эришиш учун инсон капиталининг роли муҳимлиги ва ёшларнинг IT таълим олишлари учун барча шарт-шароитларни яратиш лозимлиги таъкидлаб ўтилди.
Ушбу йўналишларда самарали фаолият олиб боришда “Stirling Foundation” нодавлат хайрия жамғармаси билан ҳамкорликда ишлашдан мамнунлигини билдирди.

