Марказий Осиёда экологик мақсадларга эришиш учун молиялаштириш ва инвестицияларни оширишга эътибор қаратилди
2025-03-12 11:55:00 / Янгиликлар

Тадбирда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов, Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси Манфред Хютерер, ОЕСД директорининг атроф-муҳит бўйича ўринбосари Матилда Меснард, Бош директор ўринбосари, Иқлим ўзгаришига мослашиш ва табиат билан боғлиқ фаолиятни молиялаштириш (ЙТТБ) масалалари бўйича раҳбар Ракел Барза, Марказий Осиё давлатлари ва Мўғулистоннинг атроф-муҳитни муҳофаза қилишидоралари, халқаро институтлар вакиллари ва бошқалар иштирок этди.
Тадбирнинг очилишида Азиз Абдуҳакимов жорий йил доирасидаги мулоқот кун тартибининг долзарблигини таъкидлади.
“Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2025 йилнинг “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили” деб эълон қилингани Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишга интилиши ва табиатни асраб-авайлашга интилишидан далолатдир.
Табиатни муҳофаза қилиш нафақат катта молиявий ресурсларни, балки миллий ва минтақавий даражадаги барча томонларнинг фаол, мувофиқлаштирилган иштирокини ҳам талаб қилишини барчамиз тушунамиз. Экологияни асраш бўйича Марказий Осиё ҳамкорлиги минтақамизнинг узоқ муддатли барқарор ривожланиши ва экологик хавфсизлигини таъминлайдиган билим алмашиш, инвестицияларни жалб қилиш ва экологик ечимларни амалга ошириш учун муҳим платформага айланишига ишонамиз”, — деди вазир.
Мулоқот давомида иштирокчилар сув, энергетика ва ер ресурслари хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, биологик хилма-хиллик ва табиатни муҳофаза қилиш каби етарли даражада молиялаштирилмаган экологик ҳудудларнинг молиявий жозибадорлигини ошириш билан боғлиқ бир қатор асосий вазифаларни кўриб чиқдилар. Шунингдек, қуйидаги асосий мавзулар муҳокама қилинди: чучук сув экотизимларида сув исрофгарчилигига йўл қўймаслик, турли соҳаларда сув самарадорлигини ошириш ва ифлосланишга қарши назоратни яхшилаш учун энг яхши технологияларни жорий этиш, табиатга асосланган ечимларни ишлаб чиқиш, жумладан, сув тошқинларини бошқариш ва барқарор қишлоқ хўжалиги.
Муҳокамалар чоғида иштирокчилар стратегик устувор йўналишларни белгилаб олдилар ва турли молия институтлари қандай қилиб самаралироқ ҳамкорлик қилишлари, жумладан, гибрид молиявий воситалардан фойдаланиш, бундай лойиҳаларнинг таваккал ва фойда нисбатини яхшилаш бўйича фикр алмашдилар. Ушбу масалаларни миллий ва минтақавий даражада мувофиқлаштиришни кучайтириш имкониятлари ва афзалликлари ҳам муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, тадбирда янги ташкил этилган “Табиат масалалари бўйича Марказий Осиё ҳамкорлиги” дастури тақдимоти бўлиб ўтди.
Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЙТТБ) томонидан бошқариладиган жамғарма Марказий Осиёда табиий ресурслар йўқотилишини камайтириш, биологик хилма-хилликни ошириш ва иқлим ўзгаришига чидамлиликни ошириш бўйича кенг кўламли ҳаракатлар учун кўргазмали лойиҳалар яратиш орқали яшил инвестициялар ва табиатга ижобий бизнес стратегиялари бўйича амбицияларни оширишга қаратилган.