Франциянинг “Société Générale” банки вакиллари билан ҳамкорлик йўналишлари юзасидан фикр алмашилди
2025-03-06 15:40:00 / Янгиликлар

Учрашувда “Société Générale” банкининг МДҲ минтақалари бўйича бошқарувчиси Тейба Гулиева ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосарлари Илҳомжон Умрзаков ва Умид Абидхаджаев ва бошқа масъул вакиллар иштирок этди.
Маълумот учун: Société Générale (SоcGеn) — Франциянинг йирик молиявий компанияларидан бири бўлиб, 1864 йилда ташкил этилган. Бош қароргоҳи Парижда жойлашган. Банкнинг асосий фаолият йўналишлари қуйидагилардан иборат:
- Францияда чакана банк хизматлари: маҳаллий мижозларга турли банк хизматларини кўрсатиш.
- Халқаро чакана банк хизматлари ва молиявий хизматлар: дунё бўйлаб мижозларга хизмат кўрсатиш.
- Глобал банк ва инвестор ечимлари: корпоратив мижозлар ва инвесторлар учун хизматлар.
Мулоқот давомида томонлар ўзаро ҳамкорлик йўналишлари, жумладан, хусусийлаштириш ва трансформация жараёнлари, яшил иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда давлат-хусусий шериклик лойиҳалари юзасидан муҳокамалар олиб борди. Хусусан:
- Хусусийлаштириш ва трансформация: давлат иштирокидаги банкларнинг хусусийлаштириш жараёнлари, давлат иштирокидаги корхоналарнинг трансформация қилиш;
- Капитал бозорлари: қимматли қоғозлар бозорлари, еврооблигациялар, халқаро рейтинглар билан ишлаш жараёнларини жадаллаштириш;
- Яшил иқтисодиётни ривожлантириш: мамлакатимизда 2025 йил “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил иқтисодиёт йили” деб аталишининг ушбу соҳанинг ривожлантиришдаги ўрни, энергия самарадорликни ошириш, замонавий ва яшил технологиялар асосида барқарор иссиқлик тизимини яратиш;
- Давлат-хусусий шериклик: соғлиқни сақлаш, таълим, энергетика, жумладан, электр энергиясини етказиб бериш соҳасида ДХШ тамойиллари асосида амалга оширилган лойиҳаларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашган ҳамда белгиланган мақсадларга эришишда самарали фаолият олиб боришга келишиб олди.
