Ўзбекистон туризм саноати етакчи “numa GmbH” компанияси билан ҳамкорликда ривожлантирилади
2023-12-01 12:25:00 / Янгиликлар

Маълумот учун: “numa GmbH” 2016 йилда ташкил этилган бўлиб, туроператорлик, маркетинг ва PRга ихтисослашган немис компанияси ҳисобланади. Унинг асосий эътибори Болқон, Туркия ва Марказий Осиё бўйлаб маданий ва махсус саёҳатларга қаратилган. “numa GmbH” Германия Саёҳат Уюшмаси (DRV) аъзоси ҳисобланади. Туроператорлар ва сайёҳлик агентликлари бозоридаги айланманинг асосий қисмини Германия сайёҳлик ассоциацияси аъзолари ташкил қилади.
Лойиҳанинг асосий мақсади Марказий Европанинг учта давлати - Германия, Австрия ва Швейцарияга тегишли бўлган “The DACH” минтақасида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ва жозибадорлигини оммалаштиришдан иборат, бунда потенциал саёҳатчилар мақсадли маркетинг фаолияти орқали Ўзбекистоннинг турли туристик таклифлари ва маданий қадриятлари билан танишади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон билан Марказий Европа давлатлари ўртасида туризм соҳасида ҳамкорлик қилиш, сайёҳлар учун қизиқарли бўлган янги туристик йўналишларни ишлаб чиқиш, шунингдек, сайёҳлик компаниялари ўртасида шартномалар тузиш ва ҳамкорлик тармоқларини кенгайтириш ҳам мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий муносабатларни ривожлантиришнинг муҳим жиҳатларидан ҳисобланади.