Ўзбекистон ТИВ раҳбари ЕХҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 30-йиғилишида иштирок этди
2023-12-01 09:40:00 / Янгиликлар
2023 йилнинг 30 ноябр куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ЕХҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг Скопе шаҳрида бўлиб ўтган 30-йиғилишида иштирок этди.

Ўзбекистон ташқи сиёсат идораси раҳбари Ташкилотнинг амалдаги раиси, Шимолий Македония ташқи ишлар вазири Буяр Османига самимий меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди. Шунингдек, Буяр Османи ва унинг жамоасини Шимолий Македониянинг 2023 йилда Ташкилотдаги раислиги муваффақиятли якунлангани билан табриклади.
Б.Саидов ўз нутқида Ўзбекистон ЕХҲТ билан фаол ҳамкорликка содиқ қолишини қайд этди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг мақсад ва вазифалари Ташкилот фаолиятининг барча уч йўналиши бўйича мамлакатимиз зиммасига олган мажбуриятларга тўлиқ мос келиши таъкидланди.