Швеция Қироллиги Адлия вазирлиги делегациясининг Ўзбекистон Республикасига расмий ташрифи
2023-11-29 18:15:00 / Янгиликлар

Учрашувда Швеция Қироллигининг Фавқулодда ва Мухтор элчиси Томас Данестад ҳам иштирок этди.
Тадбир давомида адлия вазири А. Тошқулов меҳмонларга вазирликнинг асосий вазифалари тўғрисида гапириб берди. Жумладан, вазирлик қонун ижодкорлиги соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб бориши, фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиши, давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириши, адвокатура ва аҳолига юридик хизмат кўрсатишни таъминлаши ва бошқаларни айтиб ўтилди.
Ўз ўрнида жаноб Андерс Холл Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ҳуқуқ соҳасида эришилган ютуқларни юқори баҳолаб, Швеция Қироллиги Адлия вазирлиги тўғрисида қисқача маълумот берди. Шунингдек, А.Холл Швеция Қироллиги Ўзбекистон Республикаси билан адлия ва ҳуқуқ, хавфсизлик ва миграция масалаларида ҳамкорлик қилишдан манфаатдорлиги билдирди.
Шу ўринда адлия вазири А. Тошқулов икки давлат вазирликлари ўртасида англашув меморандумни имзолашни ҳамда Ўзбекистон ва Швеция ўртасида ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисида икки томонлама шартнома лойиҳасини ишлаб чиқиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилди.
Учрашув якунида меҳмонлар учун вазирлик биносида кичик экскурсия ташкил қилинди ҳамда вазирлик фаолияти билан тўғридан-тўғри таништирилди.
Учрашув дўстона ва конструктив руҳда ўтди.



