Олий таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди
2025-02-26 11:20:00 / Янгиликлар

Учрашувда олий таълим, фан ва инновациялар соҳасида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Бугунги кунда Ўзбекистон ва Миср олий таълим муассасалари ўртасида 10 дан ортиқ ҳамкорлик битимлари имзоланган бўлиб, бу кўрсаткични янада ошириш режалаштирилмоқда.
Таъкидланганидек, Миср билан ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон олий таълим муассасаларидаги араб тили ўқитувчиларининг малака ошириш имкониятларини кенгайтириш ва Мисрдан юқори малакали мутахассисларни жалб этиш йўлга қўйилди. Шунингдек, ўтган давр мобайнида Тошкент давлат шарқшунослик университети делегацияси Мисрга ташриф буюриб, бир қатор олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича келишувларга эришди.
Учрашувда олий таълим ва илм-фандаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида икки мамлакат етакчи ОТМлари ва мутахассисларидан иборат қўшма Ишчи гуруҳ ташкил этилгани ҳам қайд этилди. Ушбу гуруҳнинг илк йиғилиши апрель ойида онлайн шаклда ўтказилиши режалаштирилган.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон олий таълим тизими халқаро майдонда ўз нуфузини ошириб бормоқда. Хусусан, 2025 йил ҳолатига кўра, мамлакатимизнинг 23 та университети Осиёнинг энг яхши университетлари рейтингидан жой олди. Шу боис, Мисрлик ёшларни Ўзбекистондаги таълим имкониятлари билан яқиндан таништириш мақсадида 2025 йил май ойида махсус таълим кўргазмаси ўтказилиши режалаштирилмоқда.