Япониянинг ROTOBO уюшмаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди
2023-11-27 18:45:00 / Янгиликлар

Маълумот учун: Япониянинг Россия ва янги мустақил давлатлар билан савдо бўйича уюшмаси (ROTOBO ) 1967 йилнинг 16 январида ташкил этилган. Уюшма япон корхоналари ва Евроосиёнинг собиқ социалистик мамлакатлари (Россия, Украина, Беларус, Молдова, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон, Озарбайжон, Арманистон, Грузия ва Мўғулистон) ўртасида савдо ҳамда ишбилармонлик бўйича ҳамкорликка кўмаклашади. ROTOBO таркибига 200 га яқин аъзо компаниялар, хусусан, савдо фирмалари, ишлаб чиқарувчилар, банклар, қимматли қоғозлар соҳасида фаолият юритувчи компаниялар, саноат уюшмалари, транспорт ва юк ташиш компаниялари ҳамда маҳаллий ҳокимият органлари киради.
Йиғилишда вазирликнинг департамент директорлари Темирмалик Холиқов, Хуршед Мустафаев, Зафар Астанов ҳамда “UzAssets” АЖ бошқаруви раиси Бобур Абдиназаров иштирок этди. Хорижий томондан Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Такаши Ҳатори, ROTOBO уюшмаси вице-президентлари Тецуя Шиноҳара, Масаҳиро Имаи, Рютаро Хираи ва Хироказу Хигашино, шунингдек, бошқарма бош директори Такафуми Накаи иштирок этди.
Учрашув аввалида Бош вазир ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ROTOBO президенти Масами Иижимани Япониянинг “Чиқаётган қуёш ордени”га муносиб кўрилгани билан табриклаб, Ўзбекистон ҳамда Япония ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари узоқ ўтмишга эга эканини таъкидлади. Шунингдек, икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлиги қайд этилиб, Ўзбекистон тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва мамлакат ҳудудида япон бизнесини ривожлантиришни қўллаб-қувватлашдан манфаатдор экани билдирилди.
Мулоқот давомида Масами Иижима Япония ҳамжамиятининг Марказий Осиёга, хусусан, Ўзбекистонга бўлган қизиқиши тўғрисида тўхталиб ўтди. ROTOBO президенти стратегик ҳамкорлик орқали эришилган ютуқларни қайд этиб, ушбу ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришни давом эттиришга тайёрлигини маълум қилди.
Бундан ташқари, учрашув иштирокчилари “яшил” иқтисодиётни ривожлантиришнинг аҳамияти ҳамда унинг иқтисодий ўсишни рағбатлантириш имкониятларини муҳокама қилдилар. Ҳар икки томон ҳам экологик барқарор ва энергия тежайдиган лойиҳаларни ишлаб чиқиш иқтисодий ривожланиш ва янги иш ўринларини яратишда муҳим омил бўлиши мумкинлиги тўғрисида фикр билдирди.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканликларини яна бир бор таъкидладилар. Шунингдек, Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилаётган музокараларнинг натижадорлиги ҳамда самарадорлиги қайд этиб ўтилди.