Корея Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси билан учрашув бўлиб ўтди
2023-11-27 16:25:00 / Янгиликлар

Унда Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов, “Яшил” иқтисодиётга ўтиш ва ривожлантиришни мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Шохзод Исламов, хорижий томондан Кореянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари Ли Кил Жун ва Ким Сара иштирок этди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳукуматлари ўртасида Иқлим ўзгариши бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битим доирасида ишларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2023 йил 19 октябрь куни Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳукуматлари ўртасида Иқлим ўзгариши бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битимни тасдиқлади. Мазкур битимнинг мақсади — иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш ва иқлим ўзгаришининг салбий таъсирига мослашиш салоҳиятини ошириш, шу билан кам углеродли, иқлимга чидамли иқтисодиётга ўтишни таъминлаш.
Томонлар Корея Эксимбанкининг Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт жамғармаси (EDCF) имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳаларнинг бугунги ҳолатини ҳам муҳокама қилдилар.
Шунингдек, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) билан амалга оширилаётган жорий лойиҳалар ҳам муҳокамаларнинг муҳим мавзуси бўлди. Иштирокчилар лойиҳаларнинг жорий ҳолати тўғрисида маълумот алмашиб, Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини кўриб чиқдилар.

