Халқаро ҳамкорлик масалалари тизимли ривожланмоқда
2025-02-25 16:15:00 / Янгиликлар
Жорий йил 25 февралда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожоновнинг Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Тимоти Смарт билан учрашуви бўлиб ўтди.

Тадбирда, томонлар сўнгги даврда юртимизда Давлат раҳбари бошчилигида инсон қадрини юксалтириш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, маҳаллаларни жиноятчиликдан ҳоли ҳудудларга айлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасида ўтказилаётган ислоҳотлар хусусида батафсил маълумот алмашдилар.
Дўстона ва конструктив мулоқот жараёнида томонлар икки давлат ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, мазмунан янги босқичга кўтариш, жамоат тартибини сақлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги алмашинув дастурларини йўлга қўйиш ҳамда ҳамкорликка оид бошқа масалаларни муҳокама қилдилар.


