Иброҳим Тиау Орол денгизининг қуриган тубида чўлланишга қарши кураш борасида қилинаётган ишлар билан танишди
2023-11-22 15:35:00 / Янгиликлар

Ташрифда UNCCD, Экология вазирлиги, Ўрмон хўжалиги агентлиги, Экотуризм ва овчиликни ривожлантириш департаменти, Оролбўйи халқаро инновацион маркази, шунингдек, жумладан, «Deutsche Welle» (Germaniya), «TenGerTV» (Moʼgʼuliston), «The Astana Times» (Qozogʼiston), «MIR TV» (Qozogʼiston), «BBC Uzbekistan» ва бошқа хорижий ОАВ вакиллари ҳам иштирок этди.
Иброҳим Тиау Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида Орол денгизининг қуриб қолган тубида ўрмон экиш ва кўкаламзорлаштириш ишлари билан танишди, шунингдек, бу ердаги ўрмонзор, Орол денгизи қирғоғи, Очиқ осмон остидаги музейда бўлди.
Азиз Абдуҳакимов Иброҳим Тиауга юртимизда Орол денгизи ҳудудини кўкаламзорлаштириш, чўлланишга қарши кураш борасида қатор ислоҳотлар амалга оширилаётганини айтиб ўтди.
"Кейинги йилларда Орол денгизининг қуриган тубида глобал экологик муаммонинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида маҳаллий аҳолининг ижтимоий-иқтисодий турмуш тарзини яхшилашга қаратилган кенг кўламли тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, мамлакатимиз ҳукумати томонидан бир қатор махсус қарор ва дастурлар қабул қилиниб, уларга мувофиқ ҳудуддаги экологик вазиятни яхшилаш бўйича амалий чора-тадбирлар кўрилди, — деди Экология вазири. — Ўзбекистон ҳукумати олдида турган асосий муаммолар аҳоли учун ичимлик суви, қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш учун сув етишмаслиги, шунингдек, Орол денгизи қуриб қолган тубининг очиқ майдонларида тез-тез такрорланиб турадиган қум ва чанг бўронларидир”.
Ташриф давомида Мўйноқда дарахт кўчатлари экилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновациялар маркази директори Бахитжон Ҳабибуллаев марказ томонидан Орол денгизининг қуриган тубини кўкаламзорлаштириш борасида қилинаётган ишлар ҳақида тақдимот ўтказди. Шу билан бирга, бу борада қатор халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик ўрнатилгани ва иқлимга мос ўсимликлар етиштириш ва бошқа ташаббуслар амалга оширилаётганлигини қайд этди.
Қолаверса, Бахитжон Ҳабибуллаев қатор истиқболли лойиҳалар доирасида 100 гектар майдонда чўлга, шўрга чидамли черкез, қандим каби ўсимликларнинг кўргазмали майдончаси ҳамда Орол денгизининг қуриган тубида 10 гектар майдонда кўчатхона экиш кўзда тутилганлиги ҳақида маълумот берди. Шунингдек, 2023 йилда UNICEF билан ҳамкорликда Ўзбекистонда ижтимоий инновациялар ва ижтимоий тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш мақсадида «ImkonLab» (UPSHIFT-2023) дастури ишга туширилганини, дастур натижасида Қорақалпоғистон Республикасининг учта вилоятидан ёшларнинг 20 та лойиҳаси қўллаб-қувватлангани ва 100 дан ортиқ ташаббускор ёшларга янги касбий кўникма ва малакаларни эгаллашда амалий ёрдам кўрсатилганини ҳам қайд этди.
Маълумот учун, Оролбўйи халқаро инновациялар маркази Шўрланиш шароитида беодеҳқончилик халқаро маркази (ICBA), Синцзян Экология ва география институти (XIEG), Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA), БМТ Тараққиёт дастури (UNDP), Глобал яшил ўсиш институти (GGGI), Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган.
Бундан ташқари, Орол денгизининг қуриган тубидаги экотизимни тиклаш давлат дастурининг бош куратори, академик Зиновий Новицкий лойиҳадан кўзланган мақсад ва амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Хусусан, у Орол денгизининг қуриган тубида 2 миллион гектарга яқин майдонда аллақачон шўр ва қурғоқчиликка чидамли саксовул ҳамда бошқа турли экинлар экилганини, асосий мақсад ҳудуд экологиясини яхшилаш эканлигини таъкидлади.
«Ўсимликлар тупроқдаги тузларни йўқ қилиш учун ўз илдизларидан фойдаланади. Саксовул тупроқ ва қум зарралари тарқалишининг олдини олади, — деди Новицкий. — Бу ўсимликлар карбонат ангидридни ютиб, атроф-муҳитга кислород чиқаради. Яъни ҳаво тозаланади. Саксовул бутаси бир тоннагача заҳарли қум ва тузни ушлаб туриши мумкин».
Таъкидлаш жоизки, 2018–2022 йилларда Орол денгизининг қуриган тубида 1,6 миллион гектар майдонда чўл ўсимликлари уруғини экиш ва кўчатлар ўтқазиш йўли билан «яшил қоплама» яратилди. Бундан ташқари, 6,4 минг тонна ҳимоя ўрмон кўчатлари ўтқазилди. Ўрмон плантацияларини сифатли кўчатлар билан таъминлаш мақсадида ўрмон хўжалиги томонидан ҳар йили 100 гектар майдонда саксовул питомниклари ташкил қилинмоқда.

