Ўзбекистонлик тадбиркорлар – “FOM Group” va “GreenWhite Solutions” асосчилари билан учрашув ўтказилди
2025-02-18 08:50:00 / Янгиликлар

Суҳбат давомида минтақада бизнес юритишнинг ўзига хос хусусиятлари, компаниялар эришган ютуқлар ва дуч келаётган қийинчиликлари, шунингдек, Ўзбекистон IТ-экотизимини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. БАА, Ирландия, Сингапур ва бошқа етакчи мамлакатларнинг эркин иқтисодий зоналари тажрибасини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилаётган “Enterprise Uzbekistan” ташаббусига алоҳида эътибор қаратилди.
Дорихона бизнесини автоматлаштиришга ихтисослашган “FОМ Group” аллақачон Дубайдаги 400 дан ортиқ дорихонани ўз тизимига улаган ва ҳамкорлар тармоғини фаол равишда кенгайтиришда давом этмоқда.
Компания, шунингдек, Саудия Арабистони эркин иқтисодий зонасида савдо лицензиясини қўлга киритди ва мамлакатнинг давлат бошқарув органлари билан интеграциялашув жараёнини бошлади. Яқин келажакда глобал фармацевтика маълумотномасини ишга тушириш режалаштирилган бўлиб, у дори-дармонлар тўғрисидаги маълумотларнинг йиғувчисига айланади ва нафақат ишлаб чиқарувчилар ва дистрибьюторларга, балки оддий фойдаланувчиларга ҳам дори-дармонларни мақбул нархларда топиш ва харид қилишга кўмаклашади.
Ўз навбатида,“GreenWhite Solutions” корпоратив мижозлар учун ўз маҳсулотларини жорий этиш мақсадида Саудия Арабистони бозорини ўрганмоқда. Компания минтақани стратегик муҳим йўналиш сифатида баҳолайди ва мамлакат бозорида талаб юқори бўлган ечимларни яратиш устида ишламоқда.
Муҳокамада Ўзбекистон IТ-компанияларининг истиқболлари ва уларнинг янада ўсиш салоҳияти таъкидлаб ўтилди. Учрашув иштирокчилари Ўзбекистоннинг IТ-бизнесни ривожлантириш ва унинг халқаро бозорларга чиқиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасидаги саъй-ҳаракатларини эътироф этиб, ҳамкорликка тайёр эканликларини билдирдилар.

