“Барқарор тараққиёт: инклюзив таълим ва хотин-қизлар ташаббуслари” Бугун айни мавзуда V халқаро форум бўлиб ўтди.
2025-02-17 09:15:00 / Янгиликлар

Маълумки, инклюзив таълимнинг мақсади – алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган ўқувчилар учун мактабда махсус восита ва методларни қўллаш орқали махсус педагогларни жалб этган ҳолда тўсиқсиз мослаштирилган таълим муҳитини яратиш, уларнинг жамиятга самарали мослашуви ҳамда тўлақонли уйғунлашувига хизмат қиладиган сифатли умумий ўрта таълим беришни таъминлашдир.
Мамлакатимиз олий таълим ташкилотларида инклюзив таълимни жорий қилиш, ногиронлиги бўлган шахслар учун зарурий шароитларни ва тўсиқсиз муҳитни яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ижтимоий-иқтисодий ҳаётига жалб қилиниши ва фаол иштирокини таъминловчи инклюзив таълим ва ишга жойлаштириш тизимини такомиллаштириш» каби вазифалар белгиланган 2025 йилга бориб Ўзбекистон мактабларнинг камида 51 фоизи инклюзивликка эришишни мақсад қилиб қўйган.
Ушбу мақсадлар учун 3 йил давомида 600 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағ жалб этилиши режалаштирилган. 2020–2025 йилларда инклюзив таълимни ривожлантириш концепцияси амалга оширилмоқда. Масалан, 2022 ўқув йилида Ўзбекистоннинг барча вилоятларидаги 225 та умумтаълим мактаби имконияти чекланган болалар учун ўз эшикларини очди. 2024 йилга келиб 417 та мактабларда инклюзив синфлар ташкил этилиб, уларга 734 нафар ўқувчилар қамраб олинди.
Маърузада алоҳида таъкидланганидек: Ўзбекистонда изчил амалга ошириб келинаётган ёшларга оид давлат сиёсати доирасида қизларимизнинг жамиятдаги ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, қизлар ўртасида ҳамкорлик ва ташаббускорлик муҳитини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатларни янада кучайтириш; олима аёллар сафини кенгайтириш, жамият равнақи учун муносиб илмий изланишларни қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият қаратилмоқда.
Шунинг баробарида ватанимизни янада равнақ топтиришда, янги ихтироларнинг кўпайишида ёшлар ташаббускор бўлишлари; мамлакатимизда олий маълумотли хотин-қизлар сафини ошириш, қизларнинг таълим-тарбия олишлари, касб-ҳунар эгаллашлари, ижтимоий ҳимоялаш борасидаги ислоҳотлар ижросида ёшлар ёрдамчи кучларга айланишлари; юртимиз қизларининг изланувчан, билимли, бахтли қизлар, оналар бўлиб камолга етиши учун бирлашиб, ҳамжиҳат бўлиб ҳаракат қилиш мақсадга мувофиқдир.


