Барқарор ривожланиш мақсади “Саноат, инновация ва инфратузилма” (SDG9) бўйича Рақамли технологиялар вазири Ҳамраис этиб сайланди
2025-02-13 14:10:00 / Янгиликлар

Унда Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ўз нутқи билан иштирок этди.
Ушбу сессияда БАА Ҳукуматни ривожлантириш ва келажак бўйича давлат вазири, “SDG” Глобал Кенгашлар Президенти Охуд Халфан Ал Роуми сўзга чиқиб, ривожланаётган давлатларни Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда энг яхши ечимларга, ўзаро халқаро ҳамкорликни кучайтиришга ва вақтни самарали тақсимлашга эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади.
Шунингдек, у вазир Ш. Шерматов 2026-йил якунига қадар Кенгашнинг Барқарор ривожланиш мақсади “Саноат, инновация ва инфратузилма” (SDG9) бўйича ҳамраиси этиб сайланганлигини эълон қилиб ўтди.
SDG 9 – бу Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) томонидан 2015-йилда қабул қилинган Барқарор ривожланиш мақсадлари (SDGs – Sustainable Development Goals) таркибига киради.
SDG 9 глобал миқёсда саноат ривожланишини қўллаб-қувватлаш, инновацияларни рағбатлантириш ва инфратузилмани яхшилаш орқали иқтисодий ўсишга ҳисса қўшишни мақсад қилган.
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов бугунги кунда рақамли иқтисодиётнинг ўсиши тобора жадал суръатларда давом этаётгани, ривожланаётган мамлакатлар илғор технологияларни нолдан жорий қилиш орқали тезроқ ривожланиш имкониятига эга бўлиши, бу жараёнда халқаро ҳамкорликнинг ўрни беқиёслигини таъкидлади.
"Шунингдек, бугунги дунёда демографик ўзгаришлар муҳим аҳамият касб этаётгани, ривожланган мамлакатларда аҳоли сони қисқариб, кексайиш жараёни давом этаётган бўлса, ривожланаётган мамлакатларда аҳоли ўсиш суръати юқори.
Бу эса меҳнат бозорида катта ўзгаришларни келтириб чиқармоқда. Ишчи кучига эҳтиёж ортиб бораётган бир пайтда, кўплаб мамлакатларда миграция бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда. Шу боис, ривожланаётган мамлакатлар масофавий ишлашни кенгайтириш, BPO вa KPO хизматлари имкониятларини оширишлари жуда муҳимдир", – деди вазир Ш. Шерматов.
Шунингдек вазир бунга параллел равишда ривожланаётган мамлакатларда онлайн таълим платформаларини ривожлантириш ҳам устувор вазифалардан бири эканини қўшимча қилди. Барча ёшлар илғор таълим ресурсларига кириш имкониятига эга бўлишлари кераклигини таъкидлади.
Сессия давомида инноватсиялар ривожланаётган мамлакатлар учун ҳам очиқ бўлиши лозимлиги, илмий тадқиқот ва ишланмалар асосан ривожланган давлатларда амалга оширилади, лекин бу технологиялар очиқ манбали тарзда улашилса, бутун инсоният бундан фойда кўриши мумкинлиги, айниқса, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа муҳим соҳаларда инновацияларни оммалаштириш катта фойда келтириши қайд этилди.

