ФАО билан ҳамкорликдаги иш режаси муҳокама қилинди
2023-11-06 09:50:00 / Янгиликлар

Бу ерда иқтисодиётнинг турли йўналишлари қаторида қишлоқ хўжалиги йўналишида алоҳида чиқишлар, тақдимотлар бўлгани бежиз эмас. Кўп мамлакатларнинг иқтисодий юксалишида айни мазкур соҳа асосий ўринни тутиши рост. Шундай экан, форум иштирокчилари вақт ва имкониятдан фойдаланиб Самарқанд заминидаги ҳамкорлик мулоқотларини бошлаб юборишди. Жумладан, Қишлоқ хўжалиги вазир Иброҳим Абдураҳмонов БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг Марказий Осиёдаги раҳбари В.Гуцу билан музокара ўтказди.
Унда Ўзбекистон ва ФАО ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати муҳокама қилинди. Сўнгги йиллардаги сиёсий ва техник даражадаги ҳамкорлик масалаларига тўхтаб ўтилди.
Сир эмаски, халқимизнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини ва аҳоли бандлигини таъминлаш, барқарор ривожланишга эришишда қишлоқ хўжалигининг ўрни жуда катта. Шу боис, мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва бозор тамойилларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилиб, соҳага доир кўплаб ҳужжатлар қабул қилинмоқда.
В.Густу Ўзбекистонда амалга оширилаётган миллий ва минтақавий лойиҳалар сони ошиб бораётганини мамнуният билан қайд этар экан, ҳамкорликни мувофиқлаштириш самарадорлигини ошириш мақсадида 2014 йилда Тошкентда очилган филиалга Ўзбекистондан доимий вакил жорий этиш таклифини эслатди.
Шунингдек, учрашув давомида ФАО суб-минтақавий координатори Марказий Осиё мамлакатлари вазирларининг навбатдаги учрашувини онлайн форматда ўтказишга тайёргарлик кўраётганини маълум қилди.
Бундан ташқари, сентябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференцияда муҳокама қилинган ташаббусларни амалга ошириш бўйича кейинги амалий қадамларни белгилаб олдилар.
Хусусан, томонлар қишлоқ хўжалиги товарлари савдосининг самарали тизимини йўлга қўйиш бўйича тажриба алмашиш мақсадида Ўзбекистонда денгиз чегараси бўлмаган мамлакатлар ўртасида конференция ўтказиш ташаббусини ижрога қаратишни белгилаб олдилар.
Шунингдек, Афғонистонда қишлоқ хўжалигини равнақ топтириш ҳамда ривожлантириш масалалари бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш масалаларини ҳам муҳокама қилдилар.
