Ўзбекистон ва Италия: таълим, фан ва инновация соҳасидаги ҳамкорлик янада фаоллашади
2025-01-24 12:05:00 / Янгиликлар
Дастлаб вазир Қ.Шарипов олий таълим, илм-фан ва инновациялар соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, Италия билан мавжуд ҳамкорлик алоқалари ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, Италия билан соҳада икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, кўпроқ техника ва муҳандислик фанларни ривожлантиришга ҳамда ушбу йўналишларда кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорликка янада кўпроқ эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Ўз навбатида, элчи Пиэргабриэле Пападия де Боттини Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги алоқалар яқин ҳамда фаол эканлиги, икки мамлакат учун ҳамкорликнинг асосий ва муҳим йўналиши таълим, илм-фан соҳаси ҳисобланишини қайд этди.
Мулоқотда Италиялик профессор-ўқитувчиларни нафақат итальян тилини ўқитиш, балки турли соҳалар ва таълим йўналишлари бўйича маъруза ўқиш, маҳорат дарсларини ўтказиш, тажриба алмашиш мақсадида республика олийгоҳларига таклиф қилиш, шунингдек, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида таҳсил олаётган иқтидорли талабаларни Италия заводларига амалиёт ўташ учун юбориш таклифлари билдирилди.
Музокара давомида республика олийгоҳларининг Европа Иттифоқининг Эразмус+, Горизонт ва бошқа дастурларида иштирок этиши ҳамда ҳамкорликда таълим ва илм-фан соҳасида лойиҳаларни амалга ошириш алоҳида аҳамият касб этиши айтиб ўтилди.
Шунингдек, Италияда таълим олиш имкониятлари, маданияти билан яқиндан танишиш мақсадида томонлар ўртасида Ўзбекистонда ёшлар ва талабалар учун “Италия таълим кунлари”, “Италия очиқ эшик кунлари” каби тадбирларни ҳамкорликда ўтказиш борасида келишувларга эришилди.