ИҲТга аъзо мамлакатлар Осиё ва Европа ўртасида халқаро мультимодал транспорт йўлагини шакллантириш юзасидан келишиб олди
2023-11-03 18:05:00 / Янгиликлар

Имзоланган Баённомада қуйидаги мақсадлар кўзда тутилган:
- Осиё-Тинч океани минтақаси давлатларидан Европа Иттифоқи мамлакатларигача Ўзбекистон, Туркманистон, Эрон, Туркия ҳудудлари орқали юк ташишларни ташкил этиш;
- рақобатбардош тариф ставкаларини қўллаш ва Ўзбекистон, Туркманистон, Эрон ва Туркия темир йўлларида юк ташиш учун қулай шароитлар яратиш;
- йўналиш бўйлаб юк ташишларни ташкил этишда норматив-ҳуқуқий ва техник стандартларни бирхиллаштириш бўйича чора-тадбирларни ҳамкорликда ишлаб чиқиш;
- йўлак иштирокчи-давлатлари ўртасида транспорт соҳасидаги боғлиқликни ошириш.
Ўзбекистон Республикаси орқали ўтувчи муқобил халқаро транспорт йўлакларини шакллантириш бўйича тадбирлар Ўзбекистон Республикасининг жаҳон транспорт-логистика тармоқларига интеграциялашувини чуқурлаштириш ва транзит салоҳиятини ошириш бўйича “Ўзбекистон – 2030” Стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ амалга оширилмоқда.