Туркия билан транспорт соҳасидаги ҳамкорлик алоқалари ривожлантирилади
2023-11-02 10:25:00 / Янгиликлар

Учрашувда мамлакатларимиз ўртасида транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янги босқичга олиб чиқиш истиқболлари муҳокама этилди.
Томонлар автомобиль транспортида юк ташувлари жараёнини енгиллаштириш, соҳага рақамли технологияларнинг жорий этилиши натижасида миллий ташувчилар учун қулайликлар яратилганлигини, жумладан, 2022 йилда Э-Пермит рақамли рухсатномлар алмашиш дастури ишга туширилганлиги алоҳида эътироф этди.
Бугунги кунда ушбу дастурга нафақат қўшни мамлакатлар балки узоқ хорижий давлатлар томонидан ҳам катта қизиқиш билдирилаётганлиги таъкидлаб ўтилди. Таҳлилларга кўра жорий йилнинг сентябрь ойига қадар икки мамлакат ўртасида автомобиль транспорти орқали 710,9 минг тонна турли юклар ташилган. Бу ўтган даврдаги кўрсаткичдан 32,8% юқоридир.
Транспорт соҳасидаги яна бир йўналиш фуқаро авиациясини ривожлантириш мақсадида икки томонлама ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар натижасида ўзаро авиаташувлар сони ҳафтасига 55 та рейсга етказилди.
Музокара натижаларига кўра томонлар ўзаро ҳамкорликда транспорт-логистика марказларини ва юк ташиш соҳасида қўшма корхоналарни ташкил этиш, темир йўл ва жамоат транспортида замонавий рақамли ахборот технологияларини жорий этиш, транспорт соҳаси ходимларнинг малакасини ошириш, йўл қурилиши соҳасида инфратузилма лойиҳаларини ишга тушириш, авиация соҳасида ДХШ асосида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш борасида алоқаларни янада мустаҳкамлашга келишиб олди.

