Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Орелия Бушез билан учрашув
2023-11-02 09:15:00 / Янгиликлар

Учрашувда Ўзбекистон томонидан Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов, Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Жасур Қаршибоев, Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Жаҳонгир Абдиев, “Ўзсувтаминот" акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Дилшод Азимов, шунингдек, меҳмонлар томонидан Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонасининг иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Ян Кошинский ва Ўзбекистондаги Франция тараққиёт агентлиги раҳбари Винсен Купен иштирок этишди.
Айни пайтда Франция ва Ўзбекистон ўртасида энергия, сув таъминоти, “яшил" иқтисодиёт каби турли соҳаларда 8 та лойиҳа фаол амалга оширилмоқда.
Мулоқотда жорий лойиҳаларнинг самарадорлиги ва тараққиёти масалалари муҳокама қилинди. Инфратузилма соҳасидаги дастурларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров Ўзбекистон билан Франция ўртасидаги ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлаб, ўзаро манфаатли шериклик муносабатлари янада кенгайишига ишонч билдирди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш ва фуқароларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш бўйича жорий лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади.
Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги стратегик ҳамкорлик мустаҳкамланиб, турли соҳаларда алоқаларни ўрнатиш учун янги истиқболларни очиб бермоқда. Икки томон ўзаро манфаатли муносабатларни янада ривожлантиришга, Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва фаровонлигига кўмаклашувчи қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди.


