“Rothschild&Co” компанияси вакиллари билан мамлакатимизда хусусийлаштириш жараёнлари юзасидан фикр алмашилди
2025-01-17 17:20:00 / Янгиликлар
Учрашувда “Rothschild&Co” компаниясининг бошқарувчи директори, МДҲ бўйича раҳбари Жованни Салветти, компаниянинг қайта қуриш ва молиялаштириш бўйича маслаҳатчиси Саймон Бард ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Хуршед Мустафаев, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ бошқарув раиси Азиз Акбаржонов ҳамда бошқа масъул вакиллар иштирок этди.
Мулоқот давомида томонлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, банк-молия соҳасини янги босқичга кўтариш ва давлат иштирокидаги банкларни хусусийлаштириш, хусусан, энергетика соҳасида фаолият юритувчи компанияларни трансформация ва модернизация қилиш масалаларини муҳокама қилди.
Шунингдек, суҳбатда томонлар банкларни хусусийлаштириш юзасидан “Rothschild&Co” компаниясининг тажрибаси, “Ўзсаноатқурилишбанк” банкини хусусийлаштириш жараёнлари, хусусан, ушбу жараёнларда муваффақиятли тажрибалар ва самарали механизмлардан фойдаланиш юзасидан фикр алмашди.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ва олдинга қўйилган мақсадларга эришишда тизимли фаолият олиб боришга келишиб олдилар.
Маълумот учун: “Rothschild&Co” молиявий–холдинг компанияси ҳисобланади. “Rothschild&Co” компанияси банк фаолияти соҳасида инвестиция-банк хизматлари, корпоратив банк хизматлари, хусусий капитал қўйилмалар, активларни бошқариш ва хусусий банк хизматларини қамраб олади.