Дубайда ICBA билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди
2025-01-17 09:25:00 / Янгиликлар
Мазкур меморандум умумий манфаатларга эга бўлган соҳаларда томонлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш билан боғлиқ имкониятлар ва ўзаро манфаатларни ўрганишга қаратилган.
Хусусан, меморандум экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш, иқлим ўзгариши натижаларини юмшатиш ва мослашиш соҳасида тажриба, ахборот, энг яхши амалиёт ва замонавий технологиялар билан алмашиш, Ўзбекистонда барқарор қишлоқ хўжалиги, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва иқлим ўзгаришига чидамли амалиётга йўналтирилган лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, бу борада салоҳиятни ошириш бўйича тадбирлар ўтказиш ва билим алмашишни кўзда тутади.
Шунингдек, Ўзбекистонда ўхшаш агроиқлимий шароитларга эга бўлган бошқа мамлакатларда иқлим ўзгариши ва табиий ресурсларни бошқариш билан бўғлиқ қишлоқ хўжалиги соҳасидаги инновациялар ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан боғлиқ тадқиқот ва илмий изланишлар натижаларини алмашиш, тадқиқот институтлари ўртасида илмий алоқалар, ҳамкорлик шартномалари ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича қўшма тадқиқотлар (АR4Д) лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш ҳам мақсад қилинган.
Бундан ташқари, меморандум доирасида соҳада фаолият юритадиган аёлларнинг етакчилик салоҳиятини ошириш, тадқиқот ишларини олиб бориш кўникмаларини ўргатиш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ қарорларни қабул қилиш жараёнларига жалб этиш, конференциялар, семинарлар ва бошқа тадбирларни ташкил қилиш ҳамда бошқа муҳим соҳаларда ҳамкорлик қилишни ўз ичига олади.
Меморандум беш йилга мўлжалланган ва автоматик тарзда уч йил давомида кейинги муддатларга узайтирилади.
Музокаралар доирасида Ўзбекистонда ICBA ваколатхонасини очиш бўйича чора-тадбирларни тезлаштириш бўйича ҳам келишувга эришилди.
Маълумот учун, аввалроқ Азиз Абдуҳакимов ва доктор Тарифа Ал Зааби Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан COP29 иқлим конференциясида қишлоқ хўжалиги экинларининг иқлим ўзгаришига чидамлилигини ошириш учун етакчи тузилмалар иштирокида Минтақавий генетик ресурслар банкини ташкил этиш бўйича илгари сурилган ташаббусни муҳокама қилишган эди. Учрашув якунида 2025 йилда Ўзбекистон ва ICBA ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, хусусан, “Атроф- асраш ва "яшил" иқтисодиёт йили”да қўшма илмий лойиҳаларни ташкил этиш ва ўзаро манфаатли натижаларга эришиш учун мунтазам маслаҳатлашувлар ўтказиш бўйича келишувга эришилган.