МДҲ Ҳукуматлар раҳбарлари кенгашининг йиғилиши
2023-10-26 17:45:00 / Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси ҳукумати делегацияси мазкур мажлисда иштирок этди.
Қирғизистон Бош вазири Ақилбек Жапаров раислигида ўтган йиғилишда Озарбайжон Бош вазири ўринбосари Шахин Мустафаев, Арманистон Бош вазири ўринбосари Мгер Григорян, Беларусь Бош вазири Роман Головченко, Қозоғистон Бош вазири Алихан Смаилов, Россия ҳукумати раиси Михаил Мишустин, Тожикистон Бош вазири Қоҳир Расулзода, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Хожамират Гелдимирадов ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Бош котиби Сергей Лебедев, Евроосиё иқтисодий комиссияси Ҳайъати раиси Михаил Мясникович иштирок этди.
Кун тартибига мувофиқ, МДҲ доирасидаги кўп қиррали муносабатларнинг ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди, амалий ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Бугунги шароитда МДҲ давлатларининг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида мувофиқлаштирилган чора-тадбирлар ва ностандарт ечимларни кўриш муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 13 октябрь куни Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ саммитида сўзлаган нутқида Ҳамдўстлик доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурган эди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов сўзлаган нутқида мазкур ташаббусларни амалга ошириш мақсадида умумий саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга чақирди.
Ушбу ташаббуслар Ҳамдўстлик давлатлари ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт, саноат кооперацияси, инновация, қишлоқ хўжалиги, энергетика, туризм, экология, ҳудудлараро ҳамкорлик, таълим, ёшлар сиёсати, спорт ва маданият соҳаларида ўзаро манфаатли кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Мажлис якунида МДҲ ҳукуматлар раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси 2024 йил май ойида Туркманистонда ўтказилиши маълум қилинди.
МДҲ доирасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланди.