ШҲТ ҳукуматлар раҳбарлари кенгашининг мажлиси
2023-10-26 11:45:00 / Янгиликлар
Унда Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Субраманям Жайшанкар, Эрон биринчи вице-президенти Мохаммад Мохбер, Қозоғистон Бош вазири Алихан Смаилов, Хитой Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цян, Қирғизистон Бош вазири Ақилбек Жапаров, Покистон ташқи ишлар вазири Жалил Аббас Жилани, Россия ҳукумати раиси Михаил Мишустин, Тожикистон Бош вазири Коҳир Расулзода, Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ҳамда ШҲТ бош котиби Чжан Мин ва Ташкилотнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Руслан Мирзаев ҳам қатнашди.
Кузатувчи мамлакатлар ва фахрий меҳмонлар сифатида мажлисда Беларусь Бош вазири Роман Головченко, Мўғулистон Бош вазири Лувсаннамсрайн Оюун-Эрдэнэ, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Хожамират Гелдимирадов ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Бош котиби Сергей Лебедев, Евроосиё иқтисодий комиссияси Ҳайъати раиси Михаил Мясникович иштирок этди.
“Ала-Арча” давлат қароргоҳида мажлис қатнашчиларини дастлаб Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров қабул қилди.
Шундан сўнг, ҳукумат раҳбарларининг кенгайтирилган таркибда мажлиси бўлди. Уни Қирғиз Республикаси Бош вазири Ақилбек Жапаров очди.
Кун тартибига мувофиқ, долзарб иқтисодий ва гуманитар масалалар юзасидан фикр алмашилди, кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Бугунги кунда кўплаб давлатлар янги хавф ва таҳдидларнинг оқибатларини бошдан кечирмоқда. Бундай мураккаб шароитда барқарор ривожланишни таъминлаш ва халқларимиз турмуш даражасини юксалтиришга қаратилган ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш ШҲТнинг устувор вазифаларидан бири экани таъкидланди.
Жорий йилнинг июль ойида Деҳли саммити якунлари бўйича кўплаб келишувларга эришилди. Ташкилот доирасидаги кўп қиррали амалий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қатор вазифалар белгилаб берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Деҳли саммитида сўзлаган нутқида ШҲТ улкан иқтисодий имкониятлар ҳудуди, барча мамлакатларнинг узоқ муддатли барқарор ривожланиши учун платформа ва ресурс базаси эканлигини таъкидлади.
Чиндан ҳам, ўтган йил якунларига кўра Ўзбекистоннинг ШҲТга аъзо давлатлар билан ташқи савдо айланмаси 22 фоиз ошган.
Биргина шу йил бошидан буён Ўзбекистонда ШҲТга аъзо давлатлар компаниялари иштирокида мингдан ортиқ янги корхона ташкил этилди ва уларнинг умумий сони 8 мингга етди.
Давлатимиз раҳбари Деҳли саммитида Ташкилотнинг катта салоҳиятидан унумли фойдалланишга қаратилган қатор муҳим ташаббусларни илгари сурган эди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов сўзлаган нутқида мазкур ташаббусларни амалга ошириш мақсадида умумий саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга чақирди.
Ушбу ташаббуслар ШҲТ доирасида савдо, инвестиция, транспорт ва логистика, саноат кооперацияси, инновация, озиқ-овқат хавфсизлиги, туризм, экология, ҳудудлараро ҳамкорлик, ёшлар сиёсати, спорт ва бошқа йўналишлар бўйича ўзаро манфаатли кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Тадбир якунида ШҲТга аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарлари Қушма коммюнике қабул қилди ҳамда Ташкилот фаолиятига тегишли 13 та ҳужжатни имзолади.
ШҲТ ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси 2024 йилда Покистонда бўлиб ўтади.