Ўзбекистон ва БАА савдо-иқтисодий ҳамкорлик уфқларини кенгайтирмоқда
2023-10-19 16:40:00 / Янгиликлар

Музокаралар доирасида савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва ривожлантириш истиқболлари, яшил энергия, транспорт-логистика, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги, туризм, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, авиация ва таълим соҳаларида инвестисия лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, Энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл Ал-Мазруи билан музокаралар давомида янги шамол, қуёш ва гидроелектрстанцияларини қуриш бўйича келишувга эришилди. Ўзаро боғланган логистика инфратузилмасини, жумладан, Ўзбекистон ва БААда қўшма омборхоналарни яратиш учун Амирлик компанияларини жалб қилиш имкониятлари ўрганилди.
Ташқи савдо вазири Тани бин Аҳмад Ал-Заюди билан товар ва хизматларнинг эркин савдо режимини жорий этишни назарда тутувчи ҳукуматлараро Иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги битимни (SEPA) имзолашга тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди.
БАА инвестициялар вазири Муҳаммад Ал-Сувайди Ўзбекистонда қулай инвестициявий муҳитни таъкидлаб, икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни яхшилашга тайёрлигини билдирди. Қишлоқ хўжалиги ва муқобил энергетика соҳаларида қўшма йирик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.
UNCTAD Бош котиби Ребекка Гринспан билан суҳбатда инвестиция муҳитини яхшилаш, савдо тартиб-қоидаларини соддалаштириш ва e-commerce тизимини ривожлантириш, Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий салоҳиятини кенгайтириш, мамлакатнинг ЖСТга қўшилишига кўмаклашиш бўйича таклифларни таҳлил қилиш ва ишлаб чиқиш бўйича қўшма ишларни жадаллаштириш муҳокама қилинди. UNCTAD Бош котиби Ўзбекистонда иқтисодиётни бошқаришнинг бозор тамойилларини эркинлаштириш ва жорий этиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади. Қўшма лойиҳалар бўйича ягона “Йўл харитасини ишлаб чиқиш бўйича келишувларга эришилди.
Ташриф доирасида Эрон Ислом Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири Ахсан Хандузи билан учрашув бўлиб ўтди. Икки мамлакат ишбилармон доиралари томонидан амалга оширилаётган бир қатор қўшма лойиҳалар, амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш, шунингдек, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш чора-тадбирлари кўриб чиқилди.
Шунингдек, SWS, Orascom Holdings, Homepital, Burjeel Holding, YAS Holding, Metito, IHC, Fertiglobe, Tadweer, Masdar, TAQA ва AMEA Power компаниялари раҳбарлари билан музокаралар ўтказилди. Амалга оширилаётган қўшма лойиҳаларнинг амалий жиҳатлари ва уларни ишга туширишни тезлаштириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. Туризм, инфратузилмани ривожлантириш, соғлиқни сақлаш, энергетика, кимё саноати, маиший чиқиндиларни ишлаб чиқариш, хусусийлаштириш ва устав капиталида давлат улуши бўлган корхоналарни янада ривожлантириш соҳаларида янги йирик инвестиция ташаббусларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
Ўтказилган учрашувлар натижаси БАА ҳукумати ва ишбилармон доираларининг мамлакатимизда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга бўлган қизиқиши юқори эканлигини кўрсатди. Яқин келажакда БАА компаниялари делегацияларининг лойиҳа ҳужжатларини батафсил тайёрлаш ва ишларни бошлаш учун ташрифлари ташкил этилади.








