Корея Республикаси делегацияси билан учрашув ўтказилди
2023-10-19 12:50:00 / Янгиликлар

Учрашувда Ўзбекистон ва Корея Республикалари ўртасидаги муносабатлар ўзаро ҳурмат, ишонч ва англашув тамойилларига асосланган стратегик шериклик даражасигача кўтарилгани, иқтисодий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик жадал суръатларда ривожланаётгани эътироф этилди.
Корея Республикаси делегация аъзоларига Ўзбекистонда Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан сув хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, Сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси доирасида бажарилган ишлар, иқлим ўзгариши шароитида юзага келаётган сув тақчиллиги билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда маҳаллий ва минтақавий даражада кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида сўзлаб берилди.
Соҳани рақамлаштириш, хусусан, сув тежовчи технологиялар, “Ақлли сув” қурилмалари ва бошқа ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш устувор йўналишлардан бири эканлиги таъкидланди. Бу борада Корея ҳамкорлик ва ривожланиш агентлиги (KOICA) билан яқиндан ҳамкорлик йўлга қўйилганлиги, кореялик мутахассислари томонидан ирригация тармоқларида сув сарфини аниқлашга хизмат қилувчи қурилмалар ўрнатилгани ва сув ресурсларини бошқаришда юқори натижаларни бераётгани қайд этилди.
Томонлар келгусида сув ресурслари ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш ва бу борада келишувларга эришиш масалаларини муҳокама қилишди.
