Адлия вазири Озарбайжон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизмати ва ижтимоий инновациялар бўйича давлат агентлиги раиси билан учрашди
2023-10-19 09:20:00 / Янгиликлар

Учрашув давомида адлия вазири А. Тошқулов меҳмонларга Ўзбекистонда давлат хизматлари соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида, жумладан, ҳозирги вақтда республиканинг барча туманларида (шаҳарларида) жами 208 та замонавий аҳолига хизмат кўрсатиш марказлари ташкил этилганлиги ҳамда улар томонидан 309 турдаги хизматлар кўрсатилаётганлиги, 2023 йил охирига келиб давлат хизматлари турларини 350 тага етказиш режалаштирилганлиги айтиб ўтилди.
Ўз ўрнида жаноб Улви Меҳдиев Озарбайжон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизмати ва ижтимоий инновациялар бўйича давлат агентлиги фаолияти хақида, хусусан, ушбу ташкилот ўз фаолиятини давлат хизматлари, рақамлаштириш, инновациялар ва ижтимоий лойиҳалар каби тўртта йўналишда амалга оширишини ҳамда “ASAN-XIDMET” марказлари фаолияти тўғрисида гапириб берди. Марказларда давлат органлари, хусусий ташкилотлар, коммунал хизматларнинг 320 дан ортиқ хизматлари мавжудлиги ҳам айтиб ўтилди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро тажриба алмашиш мақсадида ҳамкорлик алоқаларини янада чуқурлаштиришга келишиб олдилар.
Шунингдек, меҳмонлар учун вазирлик бўйлаб экскурсия уюштирилди. Улар адлия органлари музейига бўлишди ва ҳуқуқий мавзуларда медиа материаллар яратиш жараёни билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар.


