Huawei компанияси раҳбарияти билан турли соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган ҳужжатлар имзоланди
2023-10-18 10:30:00 / Янгиликлар

Ташриф давомида компания давлатнинг рақамли трансформацияси, 5G ва 5.5G технологияларига асосланган рақамли иқтисодиёт ва рақамли ҳукуматни ривожлантириш, сунъий интеллект, булутли ҳисоблаш, АКТ сектори учун яшил технологиялар, университетлар, саноат корхоналари ва ақлли шаҳарларни рақамлаштириш борасида ечимлар бўйича ўз қарашларини тақдим этди.
Шунингдек, қайта тикланадиган энергетикани ривожлантириш, жумладан, жамоат транспорти ва автомобилларни тез зарядловчи станциялар яратиш бўйича ечимлар ҳам намойиш этилди.
Ташриф доирасида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов “Huawei Technologies Co. Ltd.” компанияси катта вице-президенти Ван Сзянфен ва Huawei компаниясининг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти жаноб Ванг Шунли билан музокаралар ўтказди. Суҳбат давомида тармоққа кириш имкониятларини кенгайтириш ва Ўзбекистонда мавжуд маълумотлар марказига асосланган булутли хизматларга хорижий инвесторларни кенг жалб этиш, Ўзбекистонда кадрларни тайёрлаш ва рақамли экотизим масалалари муҳокама қилинди.
Суҳбат чоғида маълумотларни қайта ишлаш маркази ва булутли технологиялар йўналишида замонавий ечимлар ва хизматларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш, мобил алоқа тармоқларини янада ривожлантириш, шаҳарларни рақамли трансформация қилиш, сунъий интеллект технологияларини тадқиқ қилиш, АКТ соҳасидаги раҳбар ва мутахассисларнинг рақамли кўникмаларини ошириш, IТ-соҳада ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари келишиб олинди.
Ташриф якунлари бўйича Рақамли технологиялар вазирлиги билан Huawei компанияси ўртасида “ақлли” шаҳарларни барпо этиш, сунъий интеллектни турли соҳаларда тадбиқ этиш, рақамли трансформация бўйича раҳбар ва мутахассислар малакасини ошириш, IТ-таълим соҳасида лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш, ёшлар орасида ахборот технологияларини оммалаштириш ва бошқа йўналишларда ҳамкорлик қилишга қаратилган Англашув Меморандуми имзоланди.
Шунингдек, Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази ва “Huawei Tech Investment Tashkent” МЧЖ ХК ўртасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида АКТ соҳасида ҳамкорлик қилиш, IТ-мутахассисларнинг илмий-техник салоҳиятини ошириш, маълумотларни қайта ишлаш маркази ва булутли технология хизматлари йўналишида замонавий ечимлар ва хизматларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш ҳамда ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган Англашув Мемарандуми ҳамда “Universal Mobile System” МЧЖ ҳамда “Huawei Technologies Co. Ltd.” компанияси ўртасида мобил алоқа тармоғини кенгайтириш ва модернизация қилишга оид шартнома имзоланди.

