Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Хитой Халқ Республикаси Саноат ва ахборот технологиялари вазирлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
2023-10-17 09:15:00 / Янгиликлар

Ташрифнинг дастлабки кунида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Хитой Саноат ва ахборот технологиялари вазири Сзин Чжуанлун билан учрашув ўтказди.
Учрашувда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда томонлар ахборот коммуникациялари ва рақамли технологиялар соҳаларида ҳамкорлик қилиш юзасидан фикр алмашдилар ҳамда Хитой Халқ Республикаси Саноат ва ахборот технологиялари вазирлиги билан Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандуми имзоланди.
Меморандумнинг имзоланиши икки томон ўртасида ҳамкорлик салоҳиятини янада кенгроқ очиб беришга ҳамда соҳаларда ҳамкорликка кўмаклашишга хизмат қилади.
Учрашувда Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Хитой билан алоқа ва алмашинувларни мустаҳкамлаш, икки вазирлик ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандумини амалга оширишга кўмаклашиш ҳамда тегишли соҳалардаги ҳамкорликни чуқурлаштиришни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.
Шунингдек, Сзин Чжуанлун икки давлат раҳбарларининг биргаликдаги раҳбарлигида Хитой-Ўзбекистон ҳамкорлиги турли соҳаларда ҳар томонлама мустаҳкамланганини таъкидлади.
Меморандумга кўра, томонлар инфратузилмани ўзаро боғлаш, алоқа тармоғини қуриш, 5Г, тармоқ хавфсизлиги, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.
Ўз навбатида, ахборот-коммуникация технологиялари, жумладан, булутли ҳисоблаш, интернет, катта маълумотлар ва очиқ маълумотлар, тармоқ хавфсизлиги ва маълумотларни ҳимоя қилиш, маълумотлар марказлари ва бошқа соҳаларда янги тенденсиялар ва иловаларни жорий этиш бўйича тажриба алмашишга келишилди.
Бундан ташқари, меморандум Электрон ҳукумат, рақамли иқтисодиёт ва сунъий интеллектга оид билим ва амалий тажриба алмашишни ўз ичига олади.
