Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожоновнинг Қатар Давлатининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳасан Ҳамза Асад Муҳаммад Ҳошим билан учрашуви бўлиб ўтди
2023-10-13 15:05:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 5-6 июнь кунлари Қатар Давлати Амири шайх Тамим бин Хамад Ол Соний Ҳазратларининг Ўзбекистонга ҳамда мамлакатимиз раҳбари Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг 2-3 октябрь кунлари Қатарга давлат ташрифлари жараёнида эришилган келишувлар ва белгиланган вазифалар давлатлар ўртасидаги муносабатларининг янги даври бошланганидан далолатдир.
Шу жумладан, юртимиз раҳбарининг Қатарга расмий ташрифи доирасида имзоланган икки давлат ички ишлар вазирликлари ўртасидаги ўзаро англашув меморандуми ҳуқуқни муҳофаза қилиш масаласидаги ҳамкорликни ривожланишига ўз ҳиссасини қўшиши алоҳида таъкидланди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон Республикаси ва Қатар Давлатининг ички ишлар органлари ўртасидаги алоқаларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек ўзаро тажриба алмашиш ҳамда кадрлар тайёрлаш каби икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларига оид масалалар муҳокама қилинди.
Дўстона ва конструктив руҳда ўтган учрашув якунида икки мамлакатнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш борасида тегишли вазифалар белгилаб олинди.

