Ўзбекистон-Чехия бизнес форуми
2023-10-11 13:30:00 / Янгиликлар
Икки мамлакат Бош вазирлари иштирок этган бизнес-форумда мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчиликларида ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли чора-тадбирлар моҳияти ҳақида сўз юритилди.
Жумладан, хусусий бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича муҳим қарорлар қабул қилиниб, икки юздан ортиқ лицензия ва рухсатномалар бекор қилингани, солиқларнинг умумий сони 13 тадан 9 тага, айримларининг ставкалари эса икки баробарга камайтирилганига эътибор қаратилди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистонда валюта бозори либераллаштирилди ва даромадларни репатриация қилиш бўйича барча чекловлар олиб ташланди. Жорий йилдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи ставкаси 15 фоиздан 12 фоизга туширилди.
Йирик банклар, саноат ва инфратузилма объектларини хусусийлаштириш дастури қабул қилинди. Унинг доирасида мингга яқин корхона ва йирик объектлар сотувга чиқарилди.
Энергетика, транспорт, соғлиқни сақлаш, таълим, инфратузилмани ривожлантириш ва йўл қурилиши соҳаларидаги лойиҳаларни амалга оширишда давлат-хусусий шериклик тамойили фаол жорий этилмоқда.
Бугунги кунда 90 дан ортиқ хорижий давлат фуқаролари учун визасиз режим жорий этилгани Ўзбекистонни минтақадаги энг очиқ давлатга айлантирди.
Инвесторларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида алоҳида қонун қабул қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Бизнес омбудсман институти жорий этилди.
Иқтисодиёти барқарор ривожланаётган давлатлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, тадбиркор муайян давлатга сармоя киритишдан аввал у ердаги имкониятларни диққат билан ўрганади. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонни 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси қабул қилинди. Ҳужжатда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш бўйича қатор муҳим вазифалар белгиланган.
Стратегиядан асосий мақсад – очиқ, замонавий ва жадал ривожланаётган давлат қуришдир. Бунинг учун Ўзбекистоннинг етарлича имконияти бор, умуман олганда, Чехия бизнесининг Ўзбекистон бозорига киришида катта истиқболлар мавжудлигига эътибор қаратилди.
Бизнес-форум якунлари бўйича муҳим икки томонлама ҳужжатлар қабул қилинди ва имзоланди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Чехия Республикаси Бош вазири Петр Фиала сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳаларда ишончни ошириш орқали икки томонлама муносабатларни чуқурлаштириш истиқболларини назарда тутувчи кенгайтирилган ҳамкорликни ўрнатиш тўғрисидаги Қўшма декларацияни қабул қилдилар.
Бундан ташқари, делегация раҳбарлари иштирокида ҳамкорликни фаоллаштиришга қаратилган қуйидаги икки томонлама ҳужжатлар имзоланди:
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Чехия Республикаси Ҳукумати ўртасида Шахсларнинг реадмиссияси ва транзити тўғрисида Битим;
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Чехия Республикаси Ҳукумати ўртасида Шахсларнинг реадмиссияси ва транзити тўғрисида Битимнинг Ижро Баённомаси;
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Чехия Республикаси Ҳукумати ўртасида Дипломатик паспорт эгаларини виза талабларидан озод этиш тўғрисида Битим.
Бундан ташқари, Ўзбекистон-Чехия бизнес форуми доирасида икки мамлакат ўртасида кенгайтирилган ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган бир катор ҳужжатлар имзоланди.