audio

    16+
    Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Чехияга ташрифи бошланди

    Ўзбекистон Республикаси ҳукумати делегацияси расмий ташриф билан жорий йилнинг 10-11 октябрь кунлари Чехия Республикасида бўлади.

    Бугун, 10 октябрь куни Чехия ҳукумати уйида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати делегациясини расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Бош вазир Абдулла Арипов Чехия Республикаси Бош вазири Петр Фиала бошчилигида икки мамлакат ҳукумат делегацияларининг учрашуви бўлиб ўтди. 

    Чехия Бош вазири Петр Фиала мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларни олқишлашини маълум қилди.

    Чиндан ҳам, кейинги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида мамлакатимизда иқтисодиётни либераллаштириш, бозор механизмларини мустаҳкамлаш, банк соҳасини ривожлантириш, хусусийлаштиришни кенгайтириш, ҳуқуқий ҳимояни кучайтириш ва коррупцияга қарши кураш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

    Ўз навбатида, муштарак мақсадлар ва албатта, Ўзбекистондаги ижобий ўзгаришлар чет эллик, шу жумладан, чехиялик ҳамкорлар учун мамлакатимизнинг жозибадорлигини оширяпти. Буни жорий йил 24-25 апрель кунлари Чехия Бош вазири бошчилигидаги делегациянинг юртимизга ташрифи доирасида эришилган келишувлар ҳам тасдиқлайди.

    Учрашувда мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги ишлар ҳолати ва истиқболдаги вазифалар кўриб чиқилди.

    Бугун Ўзбекистонда Чехия капитали иштирокида 50 га яқин корхона фаолият юритмоқда. Саноат кооперациясини ривожлантириш мамлакатларимиз учун бирдек манфаатли бўлади.

    Таъкидланганидек, жорий йилнинг январь-август ойларида ўзаро савдо ҳажми қарийб 2,5 баробар ўсди. Бунга Ўзбекистон Европа Иттифоқи Преференциялар бош тизимига (“GSP+”) қўшилгани ҳам ёрдам берди.

    Бироқ, бу кўрсаткич мавжуд салоҳиятга мос эмаслиги, ўзаро савдодаги дисбалансни тўғрилаш бўйича фаол ишлаш зарурлиги қайд этилди.

    Ўзбекистон Европа Иттифоқининг юқори стандартлари ва техник регламентларига мос келадиган тайёр маҳсулотларни экспорт қилишдан манфаатдор. 

    Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотларининг Европа бозорларига чиқишида ягона «СЕ» (Certification Europe) белгиси билан сертификатлаш мақсадида синовдан ўтказиш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш таклиф этилди.

    Учрашувда шунингдек, инвестиция, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати, транспорт, бандлик, таълим, тиббиёт, туризм каби қатор йўналишлар бўйича ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва уни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

    • view_icon 1203