Инвестиция соҳасидаги режалар бўйича ахборот берилди
2024-12-20 09:30:00 / Мажлислар
2017 йилдан буён мамлакатимиз иқтисодиётига барча манбалар ҳисобидан 188 миллиард доллар инвестиция киритилган. Шундан 87 миллиард доллари четдан жалб қилинган. Натижада инвестицияларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 30 фоиздан ошиб, барқарор иқтисодий ўсишга замин бўлаяпти.
Бу йил иқтисодиётга киритилган инвестициялар ҳажми 1,3 баравар кўпайиб, 36 миллиард доллардан ошди. Буларнинг ҳисобига йил бошидан буён қўшимча 70 триллион сўмлик қиймат берадиган 560 та йирик ва ўрта лойиҳалар ишга туширилди. Келаси йилдан экспортни яна 1 миллиард долларга ошириш имконияти пайдо бўлди.
Соҳа ва ҳудудларда очилаётган имкониятлар билан бу натижаларни янада оширса бўлади.
Йиғилишда инвестициялар, саноат ва савдо вазири 2025 йилги режалар тўғрисида ахборот берди.
Келгуси йил 43 миллиард долларлик инвестицияларни ўзлаштириш кўзда тутилмоқда. Бу орқали 300 дан ортиқ йирик лойиҳа бажарилиши, импорт ўрнини босувчи 662 та янги маҳсулот ишлаб чиқарилиши кутилмоқда.
Давлатимиз раҳбари бунинг учун хорижий инвесторлар билан манзилли ишлаб, янада қулайликлар яратиш, эришилган барча келишувларни юқори даражада амалга ошириш зарурлигини таъкидлади.
Шунингдек, бугунги кунда 1 минг 890 та лойиҳа бўйича иш кетмоқда. Уларнинг ижросини жадаллаштириш учун масъуллар белгиланди.
Йиғилишда ташқи савдо масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Жаҳонда кузатилаётган мураккаб вазиятда бу ўз-ўзидан бўлмайди. Экспорт-логистика занжирлари қийинлашаяпти, асосий экспорт бозорларимизда тайёр маҳсулот олиш камайяпти.
Бундай шароитда ички имкониятларни тўлиқ сафарбар қилиб, иқтисодий тараққиёт суръатларини ошириш зарурлиги таъкидланди.
2030 йилгача мамлакатимизнинг йиллик экспорт ҳажмини 2 баробар ошириб, 45 миллиард долларга олиб чиқиш мақсади белгиланган. Бу режадаги инвестициявий лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириб, юқори қийматли маҳсулот ва хизматларни кўпайтиришни, экспорт географиясини кенгайтиришни талаб этади.
Мутасаддиларга режалар ижросини доимий таҳлил қилиб, ишни жойларда сифатли ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.