Адҳам Икрамов Халқаро каноэ федерацияси президенти билан ҳамкорликнинг янги қирраларини муҳокама қилди
2023-10-06 10:10:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икрамов Халқаро Canoe федерацияси президенти Томас Конеский билан кўришиб, истиқболли режаларни муҳокама қилди. Учрашувда Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов ҳамда Ўзбекистон Rowing&Canoe федерацияси раиси ўринбосари Татяна Маматқулова ҳам иштирок этишди.
Учрашув аввалида Томас Конеский Адҳам Илҳамовични Ўзбекистонлик спортчилар, хусусан, каноэчиларнинг Осиё ўйинларида муваффақиятли иштирок этаётгани билан қутлаб, мазкур спорт турида ҳамюртларимизнинг юқори натижа қайд этганини алоҳида эътироф этди. Ўз навбатида, Ёшлар сиёсати ва спорт вазири давлатимиз томонидан спорт соҳасига қаратилаётган улкан эътибор сабаб ҳар бир спорт турида юқори натижалар қайд этилаётганини маълум қилди.
Суҳбат давомида мамлакатимизда кўплаб халқаро мусобақаларни ўтказиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Халқаро мутахассис Самарқанд шаҳрида тўла реконструкция қилинган эшкак эшиш каналининг имкониятларини юқори баҳолади. Хусусан, жорий йил ёшлар ва ўсмирлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионати юқори савияда ташкил этилгани ҳақида алоҳида тўхталди. Қолаверса, халқаро федерация байроғи остида ўтадиган жаҳон миқёсидаги нуфузли мусобақаларни ўтказиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Самимий руҳда ўтган учрашувда ўзаро ҳамкорликнинг янги истиқболлари муҳокама қилинди.


