Ветнамнинг “RОХ Group” компанияси Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга оширишга тайёр
2024-12-17 14:25:00 / Янгиликлар
Маълумот учун: “Rох Group” 1996 йилда ташкил топган. Фаолиятининг асосий йўналишлари: кўчмас мулк, технология, меҳмондўстлик ва молиявий хизматлар. Компания 2023 йилда 2,4 миллиард доллар даромад кўрган. Компанияда 2000 дан ортиқ ходимлар ишлайди. У халқаро бозорларда, жумладан, Европада ўз иштирокини фаол равишда кенгайтирмоқда.
Учрашувда Туан Чан мамлакатимизда тадбиркорлар учун яратилган шарт-шароитларни, шунингдек, хорижий инвесторлар учун жуда жозибадор механизм бўлган устувор йўналишларда тайёр, юқори даромадли лойиҳаларни ишлаб чиқиш тизими самарадорлигини юқори баҳолади. Ўзбекистон иқтисодиётининг очиқлиги туфайли компания турли лойиҳа таклифларини ўрганиш ва ўзига қулай инвестиция вариантини танлаш имкониятига эга бўлди.
Хусусан, “RОХ Group” Ўзбекистон ҳудудларида уй-жой қурилиши ва рекреацион туризмни ривожлантириш йўналишларида лойиҳаларни амалга оширишга сармоя киритмоқчи. Лойиҳаларга компаниянинг катта тажрибаси ва инновацион ечимлари жалб қилинади.
Ветнам томони вакиллари вазирлик лойиҳа жараёнининг барча босқичларида ҳар томонлама кўмак кўрсатишга тайёр эканлигига ишонтирилди. “Rох Group” билан ҳамкорлик Ўзбекистон қурилиш ва туризм соҳасини ривожлантиришга катта ҳисса қўшишига ишонч билдирилди.
Музокаралар якунида ҳамкорликнинг муҳокама қилинган йўналишлари доирасида навбатдаги тадбирлар ишлаб чиқилди ва лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида компанияни доимий қўллаб-қувватлаш учун алоҳида инвестиция менежери бириктирилди.