Сув хўжалиги вазири Венгрия элчиси билан учрашди
2023-10-04 11:40:00 / Янгиликлар

Венгрия Ўзбекистоннинг Марказий Европадаги энг муҳим шерикларидан бири ҳисобланади. Салкам 10 миллион аҳолига эга Венгрия иқтисодий жиҳатдан анча жадал ривожланаётган аграр саноат мамлакатидир. Ўзбек ва венгер халқларини муштарак тарихий илдизлар, яқин ҳамкорлик ришталари боғлаб келади.
Ўзбекистон ва Венгрия олий ҳамда юқори даражаларда доимий сиёсий мулоқотлар олиб бормоқда. Икки давлат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси, икки мамлакатнинг ўзига хос ўхшаш жиҳатлари, Венгриянинг Марказий Европада, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда жойлашганлиги, шунингдек, Венгрия Европа давлатлари учун Ўзбекистонга, ўз навбатида, Ўзбекистон Венгрия учун Марказий Осиё мамлакатлари бозорига кўприк вазифасини бажариш истиқболлари ҳамкорликни янги ютуқлар билан тўлдиришни кафолатлайди.
Ўзбекистон–Венгрия ҳамкорлигини ривожлантиришда сув хўжалиги соҳаси алоҳида ўринга эга. Шуни эътиборга олган ҳолда сув ресурсларини бошқариш соҳасида ҳамкорлик бўйича Венгрия-Ўзбекистон қўшма эксперт гуруҳи шакллантирилган.
Жорий йилнинг 18–21 апрель кунлари Венгрия Ички ишлар вазирлигининг Сув ресурслари департаменти директори Питер Ковач бошчилигидаги делегация мамлакатимизга ташриф буюрди. Ташриф якунларига кўра, Ўзбекистон–Венгрия ҳамкорлигини ривожлантириш юзасидан 2023–2025 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар тасдиқланди.
Венгриянинг сув хўжалиги соҳасидаги кадрлар тайёрловчи таълим муассасалари ва илмий ташкилотлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти билан Венгрия қишлоқ хўжалиги ва табиий фанлар университети (МАТЕ) ўртасида Ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган.
Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев мулоқот чоғида Йожеф Рожа жанобларини Венгриянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси лавозимига тайинлангани билан қутлади. Жаноб Элчига мамлакатимиздаги янги дипломатик миссияси давомида муваффақиятлар тилади.
Ўз навбатида Йожеф Рожа самимий қабул учун миннатдорлик билдирди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирига элчи сифатида ишонч ёрлиғини топширганидан сўнг бу Ўзбекистон ҳукумати аъзолари билан ўтказилаётган биринчи учрашуви эканлигини таъкидлади.
Мулоқот чоғида Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистон сув хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан, соҳани рақамлаштириш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш каби йўналишларда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида маълумот берилди.
Ўзбекистон–Венгрия ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, сув хўжалиги соҳасида яқин истиқболдаги режалар муҳокама қилинди.

