Марказий Осиёнинг 5 та давлатида шаҳарлар барқарорлигини яхшилаш лойиҳаси амалга оширилмоқда
2024-12-13 09:50:00 / Янгиликлар

Ўзбекистонда лойиҳа Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилади.
Семинарда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов, Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Хамори Такаши, БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужии, БМТТДнинг Табиий офатлар хавфини камайтириш бўйича минтақавий маслаҳатчиси, иқлим ўзгариши ва табиий офатларга чидамлилик бўйича кластер раҳбари Станислав Ким, Тожикистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Раис ўринбосари Ҳайдар Ражабов, Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат хизматлари ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш ишлари бўйича давлат агентлиги директор ўринбосари Мақсадбек Саргазаков, Туркманистон сув хўжалиги давлат қўмитасининг рақамли технологиялар ва ахборот хавфсизлиги бошқармаси бош мутахассиси Сафармурод Чориев, Қозоғистон Республикаси Экология ва табиий ресурслар вазирлиги Иқлим сиёсати бошқармасининг Иқлим ўзгаришига мослашиш бошқармаси бош эксперти Айжан Мамедалиева ва бошқалар иштирок этмоқда
Тадбирда нутқ сўзлаган Азиз Абдуҳакимов минтақавий лойиҳа глобал иқлим ўзгариши шароитида муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.
“Илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, аср охирига бориб Марказий Осиёда ўртача ҳарорат 3–5°Cга ошиши мумкин. Бу қор қопламини камайтиради, гидрологик циклни ўзгартиради ва сув тошқинлари, чанг бўронлари ва қурғоқчилик каби экстремал об-ҳаво ҳодисалари хавфи, минтақа экотизимлари ва иқтисодиётига салбий таъсирини оширади. Юқорида санаб ўтилган муаммоларни енгиб ўтишда олдимизда кўп йўл бор. Лекин шуни таъкидлаш жоизки, Марказий Осиёда минтақавий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган бундай лойиҳалар саъй-ҳаракатларни бирлаштирган ҳолда табиат билан уйғунликда барқарор ривожланишга эришиш имконини беради”.
Лойиҳа минтақавий ҳамкорлик ва миллий ҳаракат режалари орқали Марказий Осиёдаги шаҳарларнинг барқарорлигини ошириш учун мустаҳкам асос яратишга қаратилган. Ушбу мақсадли ёндашув барқарор ривожланишни рағбатлантириш билан бирга шаҳар муҳитини иқлим хавф-хатарларига мослаштиришнинг шошилинч эҳтиёжини ҳал қилади. Мақсадлар Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонда шаҳарсозлик ва барқарорлик стратегияларида кенг қамровли ўзгаришларга эришишга қаратилган. Лойиҳанинг умумий бюджети 5 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлиб, уни амалга ошириш 2024-2027 йилларга мўлжалланган.
“Япония табиий офатларни бошқариш (зилзилалар, тайфунлар ва сув тошқинлари) бўйича бой тарихга эга бўлиб, лойиҳага табиий офатлар хавфини камайтириш соҳасидаги илғор билим ва технологияларни жалб қилади. Тадбирдан мақсад ҳамкорларни тажриба алмашиш, муаммоларни муҳокама қилиш, ҳамкорликнинг салоҳиятли соҳаларини ўрганиш ва шерикликни мустаҳкамлаш учун бирлаштиришдир”, - деди Хатори Такаши.
Акико Фужии ўз нутқида иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича чора-тадбирларнинг долзарблигини айтиб ўтди.
“Иқлим ўзгариши Марказий Осиёдаги атроф-муҳит, экологик мувозанат ва ижтимоий-иқтисодий тизимларга жиддий таҳдид солмоқда. Минтақада кузатилаётган жадал урбанизация иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда барқарор ривожланишини таъминлаш учун шаҳар инфратузилмаси ва режалаштириш иқлим ўзгаришига бардошлилик стратегияларини ўз ичига олишини тақозо этади. Ушбу лойиҳа ёрдамида биз бачамизнинг муаммоларимизни ҳал қилиш учун ягона минтақавий ёндашувни ишлаб чиқишга интиламиз”, - деди у.
Қайд этиш жоизки, Марказий Осиё табиий офатлар ва иқлим ўзгаришлари, жумладан, зилзилалар, сув тошқинлари, қурғоқчилик, қор кўчкилари ва кўчкилар туфайли юзага келадиган муаммоларга дунёнинг энг заиф минтақалари қаторига киради. Жаҳон банки маълумотларига кўра, Марказий Осиёнинг йирик шаҳарларидаги аҳоли сўнгги йигирма йил ичида ўртача 48 фоизга ошган ва 538 квадрат километр майдонни эгаллаган. Шаҳарларнинг тез кенгайиши электр, сув, транспорт, соғлиқни сақлаш ва озиқ-овқат тизимлари каби муҳим инфратузилмаларга катта босим ўтказди ва уларнинг иқлим таъсирига нисбатан заифлигини оширди.
Марказий Осиёнинг умумий тарихи ва ўзаро боғланган экотизимлари минтақавий ҳамкорликнинг муҳимлигини таъкидлайди. Бу ташаббус шаҳарсозлик, сув хўжалиги, транспорт ва энергетика масалаларини ҳал қилиш учун мавжуд мувофиқлаштириш платформаларидан фойдаланади.


