Россия Федерациясининг Давлат рўйхатидан ўтказиш, кадастр ва картография федерал хизмати вакиллари билан кадастр тизимини ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди
2024-12-13 09:25:00 / Янгиликлар

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Ахадбек Хайдаров, Кадастр агентлиги директори Фаррух Пулатов ҳамда бошқа масъул вакиллар иштирок этди.
Мулоқот давомида томонлар мамлакатимизда кадастр соҳасини ривожлантириш, хусусан, давлат кадастр баҳолаш тизимини жорий этиш, ушбу йўналишда техник ҳамкорлик олиб бориш, соҳада рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш ҳамда илғор ва муваффақиятли жаҳон тажрибаларидан кенг фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, меҳмонлар томонидан мазкур ҳамкорлик давомида амалга оширилган ишлар, шу жумладан, Тошкент шаҳрида эксперимент тариқасида ўтказилган оммавий баҳолаш бўйича ахборот берилди ва ушбу йўналиш бўйича музокаралар бўлиб ўтди.
Шу билан бирга, учрашувда тизимни янада такомиллаштиришда рақамли платформалар ишлаб чиқиш ҳамда кейинги босқичлардаги ҳамкорлик йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ҳамда янада мустаҳкамлашга келишиб олдилар.
