Ўзбекистон делегацияси ХАЭА Бош конференциясининг 67-сессиясида иштирок этди
2023-10-03 10:15:00 / Янгиликлар

Сессияда агентликка аъзо 177 давлат вакиллари иштирок этди. Ҳафта давомида иштирокчилар 2022 йил учун йиллик ҳисобот, 2024 йил учун бюджет, ядровий фан ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, шунингдек, ХАЭАнинг ушбу соҳалардаги фаолиятини муҳокама қилдилар. Шунингдек, сессия доирасида, иқлим ўзгариши, зооноз касалликлар ва агентликнинг «Умид нурлари» ташаббуси бўйича 110 га яқин тадбирлар ўтказилди.
Конференция билан бир вақтда ХАЭА Atoms4NetZero ташаббуси билан боғлиқ бўлган «Нолсиз ядровий инновациялар» илмий форуми бўлиб ўтди. Унда анъанавий энергиядан «яшил», арзон ва хавфсиз энергияга ўтиш учун атом энергиясидан фойдаланишнинг инновацион усуллари ўрганилди.
Конференциянинг очилиш қисмидаги маърузасида Бош директор Рафаэль Гросси агентликнинг ўтган йилдаги фаолияти ва эришган ютуқлари ҳақида батафсил сўзлаб берди. У, шунингдек, иккинчи тўрт йиллик муддатга қайта сайлангани муносабати билан қасамёд қилди.
ХАЭА бош конференциясида «Ўзатом» агентлиги бош директори Баҳрам Мансуров, Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Бекзод Йўлдошев, соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Фаррух Шарипов ва бошқалардан иборат Ўзбекистон делегацияси иштирок этди.
ХАЭА бош конференциясининг ялпи мажлисида Ўзбекистон делегацияси раҳбари маъруза қилди. Унда Ўзбекистоннинг ХАЭА билан ядровий инфратузилмани ривожлантириш, ядро тиббиёти, ядровий тадқиқот реактори эксплуатацияси хавфсизлигини таъминлаш, ўқув лабораторияларини мустаҳкамлаш бўйича муваффақиятли қўшма лойиҳалар қайд этилди.
Анжуман доирасида Ўзбекистон делегацияси қатор учрашув ва музокаралар ўтказди.
Жумладан, ўқув лабораторияларини мустаҳкамлаш бош директори Рафаэл Гросси билан учрашувда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, ХАЭАнинг республика билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва Ўзбекистонга кўрсатилаётган ёрдам ҳажмини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистоннинг ядровий материалларни ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизими ҳамда хавфсизлик чораларини ишлаб чиқишга қаратилган «COMPASS» лойиҳасидаги иштироки учун миннатдорлик билдирилди. Ядровий материалларни ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизимини ҳамда хавфсизлик чораларини ишлаб чиқишга қаратилган «Умид нурлари» дастури доирасида ядро тиббиёти ва онкологик касалликларни даволаш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш таклиф этилди. Радиациявий хавфсизлик соҳасида республика назорат қилувчи органининг мустақиллигини таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.
Ўзбекистон томони кўрсатилган кўмак учун миннатдорлик билдирди ва ХАЭА талаб ва тавсияларига риоя қилган ҳолда ядровий хавфсизлик соҳасидаги халқаро мажбуриятларга содиқлигини тасдиқлади.
Бош директор ўринбосари, ХАЭА атом энергетикаси департаменти раҳбари Михаил Чудаков билан кечган мулоқот чоғида мамлакатда ядровий инфратузилмани ривожлантириш бўйича Интеграциялашган иш режасини (IWP) амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Михаил Чудаков Ўзбекистон томони жорий йилнинг 9-13 октябрь кунлари Вена шаҳрида бўлиб ўтадиган «Иқлим ўзгариши ва ядро энергетикасининг ўрни» мавзусидаги 2-халқаро конференцияда иштирок этишга таклиф қилди.
Томонлар 2024 йилда Ўзбекистонда минтақа давлатлари вакиллари иштирокида ядро реакторлари соҳасидаги илғор технологияларга бағишланган ва ИНПРО (Ядро энергетикасини ривожлантириш соҳасида инновацион лойиҳалар) дастури доирасида ўтказиладиган минтақалараро семинар ташкил этишга келишиб олдилар.
ХАЭА Бош директори ўринбосари, ядро фанлари ва иловалари департаменти бошлиғи Нажата Мохтар билан учрашувда ядро технологияларини турли соҳаларда, жумладан, иқтисодиёт, тиббиёт ва қишлоқ хўжалиги жабҳаларида қўллашнинг ҳолати ва эришилган ютуқлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистоннинг илмий изланишлар, амалий ишлар ва ионлаштирувчи нурланиш манбаларидан турли мақсадларда фойдаланиш, жумладан, касалликларни ташхислаш ва даволаш, маҳсулотларни стерилизация ва радиациявий ҳимоя қилиш соҳасидаги ютуқлари юқори баҳоланди.
Нажата Мохтар Ўзбекистон делегациясини 2024 йил ноябрь ойига мўлжалланган ХАЭА вазирлар конференциясида кўргазма стенди билан иштирок этишга таклиф қилди. Ушбу конференцияда ядро фани ва ядро технологияларидан фойдаланиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш назарда тутилган.
Бош директор ўринбосари, хавфсизлик чоралари департаменти бошлиғи Массимо Аппаро билан суҳбатда Ўзбекистон Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома ва кафолатларни қўллаш тўғрисидаги шартнома бўйича ўз мажбуриятларини сўзсиз бажараётгани олқишланди.
Массимо Аппаро республика ҳукуматига ядро хавфсизлигини таъминлаш бўйича халқаро мажбуриятлари, талаблари ва тавсияларига қатъий риоя қилаётгани, шунингдек, мамлакатнинг ядро хавфсизлигини ривожлантиришга қаратилган COMPASS лойиҳасида биринчилар қаторида иштирок этгани учун миннатдорлик билдирди.
Шунингдек, Ўзбекистон делегациясининг, ХАЭА Бош директори ўринбосари, ядро хавфсизлиги ва хавфсизлиги департаменти раҳбари Лиди Эврард, Техник ҳамкорлик департаменти раҳбари Лиу Хуа ҳамда Хитой, АҚШ делегациялари ва бошқалар билан бир қатор самарали музокаралар ташкил этилди.
ХАЭА бош конференцияси якунлари бўйича бир қатор муҳим резолюциялар қабул қилинди.