Қувайт Давлатининг “Al Ghanim & Sons Grоuр of Companies” корпорацияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди
2024-12-06 12:40:00 / Янгиликлар

Учрашувда “Al Ghanim & Sons Grоuр of Companies” бошқарув кенгаши раиси Фуад Муҳаммад Сунян ал-Ғоним ва бир қатор вакиллар иштирок этди. Ўзбекистон томонидан “UzAssets” АЖ бошқарув кенгаши раиси Бобур Абдиназаров ҳамда бошқа таркибий бўлинмалар раҳбарлари қатнашди.
Музокаралар давомида икки томонлама алоқалар, хусусан, давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Компания билан Ўзбекистонда энергетика, сув таъминоти, инфратузилма ва қурилиш йўналишларидаги лойиҳаларни амалга ошириш йўлидаги ҳамкорлик истиқболлари бўйича фиклар алмашилди.
Маълумот учун: “Al Ghanim & Sons Grоuр of Companies” Қувайтнинг йирик ва таниқли компанияларидан бири бўлиб, электр энергияси, сув таъминоти, инфратузилма ва қурилиш соҳаларида кенг қамровли лойиҳаларни амалга ошириб келади. Хусусан, ичимлик сувини тозалаш ва етказиб бериш ҳамда оқова сувларни тозалаш бўйича муваффақиятли йирик лойиҳалари мавжуд.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликдаги лойиҳалар бўйича музокараларни давом эттириш ва маслаҳатлашувларни янада фаоллаштиришга келишиб олди.
