Қувайтлик инвесторлар Ўзбекистон бозорига қизиқиш билдирмоқда
2024-12-05 11:05:00 / Янгиликлар

Суҳбатда Қувайт компанияси вакиллари Ўзбекистон қувайтлик йирик инвесторлар томонидан улкан имкониятлар мамлакати сифатида эътироф этилаётганлигини таъкидладилар. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ўзгаришларни юқори баҳолаб, ўзаро манфаатли янги лойиҳаларда иштирок этишдан манфаатдорлигини билдирди.
Шу ўринда, Қувайт томонига соғлиқни сақлаш, транспорт инфратузилмаси, фармацевтика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби соҳалардаги лойиҳа ташаббуслари тақдим этилди.
Ўзбекистон давлат-хусусий шериклик дастури иштирокчилари учун очилаётган имкониятлар ҳақида сўз борди. Дастур турли соҳаларга умумий қиймати 30 миллиард доллардан ортиқ узоқ муддатли инвестицияларни жалб этишни назарда тутади. Бу, ўз навбатида, мамлакатимиз инвесторлар ишончи ва ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш асосида барқарор ривожланиш ва иқтисодий ўсишга интилаётганини таъкидлайди.
Учрашув якунлари бўйича Қувайт делегацияси вазирлик томонидан махсус бириктирилган лойиҳа менежерларининг кўмагида муҳокама қилинган лойиҳалар устида ишлаш бўйича келгусида амалий қадамлар қўйишга тайёрлигини билдирди.
Маълумот учун: “Fouad Al-Ghanim and Sons Group of Companies” машинасозлик, қурилиш, энергетика, автомобилсозлик, савдо, кемасозлик, авиация, телекоммуникациялар, меҳмонхона бизнеси ва кўчмас мулк соҳаларидаги энг йирик корпорациялардан бири ҳисобланади.
