Ўзбекистон-Германия: ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги босқичи сари
2023-09-28 12:00:00 / Янгиликлар

Сўнгги йилларда Ўзбекистон-Германия икки томонлама ҳамкорлиги янги суръатларга эга бўлди. Икки давлат раҳбарлари ўртасидаги қизғин сиёсий мулоқотлар шундан далолат беради.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 20-22 январь кунлари Германияга бўлиб ўтган биринчи расмий ташрифи, шунингдек, Германия Федераль Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг ўша йили 27-29 май кунлари Ўзбекистонга жавоб ташрифи икки томонлама ҳамкорлик ривожига кучли туртки берди.
Ушбу олий даражадаги учрашувлар давомида эришилган келишувлар, шунингдек, глобал ва минтақавий тузилмалар доираларидаги ўзаро ҳамкорлик масалалари 2021 йил 12 март куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Германия канцлери Ангела Меркелнинг онлайн саммитида ҳам муҳокама қилинди.
Жорий йилнинг 2-3 май кунлари Ўзбекистон Президенти Германияда навбатдаги ташриф билан бўлиб, Германия Федераль Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер, канцлер Олаф Шольц ва мамлакатнинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан музокаралар ўтказди.
Бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик кўп қиррали бўлиб, савдо-иқтисодий, сармоявий, технологик, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларни қамраб олган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Германия кўп томонлама форматларда – БМТ, ЕХҲТ ва бошқа тузилмалар доирасида глобал ҳамда минтақавий кун тартибидаги масалалар бўйича самарали ҳамкорлик қилмоқда. Расмий Тошкент ва Берлиннинг кўплаб масалалар, жумладан, терроризм, уюшган жиноятчилик, наркотрафикга қарши кураш, шунингдек, Афғонистондаги вазиятни тартибга солиш бўйича позициялари бир-бирига мос келади ёки яқин.
Парламентлараро алоқалар ҳам фаоллашган. Турли даражадаги парламент делегацияларининг ташрифлари алмашинуви йўлга қўйилди, Ўзбекистон ва Германия парламентларининг дўстлик гуруҳлари ва ихтисослаштирилган қўмиталари ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланмоқда.
Икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари ўртасида икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари ва кўп томонлама кун тартиби юзасидан мунтазам равишда сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказиляпти. Жорий йилнинг 14 февраль куни Тошкент шаҳрида икки мамлакат Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг 18-давраси бўлиб ўтди.
2022 йил 31 октябрь – 2 ноябрь кунлари Германия ТИВ раҳбари Анналена Бербок ташриф билан Ўзбекистонга келди. Ташриф давомида уни Президент Шавкат Мирзиёев қабул қилди. Германия ТИВ раҳбари, шунингдек, республика вазирлик ва идораларида бир қатор учрашувлар ўтказди, Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди.
Жаҳон иқтисодиётининг турли соҳалари ва жабҳаларида етакчи ўринларни эгаллаган дунёнинг етакчи давлатларидан бири - Германия Ўзбекистоннинг Европадаги истиқболли ҳамда ишончли савдо-иқтисодий ҳамкори ҳисобланади.
Ўзбекистоннинг ҳар томонлама модернизация қилиниши Германия ишбилармон доираларининг иқтисодий ва сармоявий соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришга қизиқиши ортишига хизмат қилаяпти.
Бугунги кунда мамлакатимизда немис сармояси иштирокидаги 200 дан ортиқ корхона фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистон бозорида Германиянинг етакчи ишлаб чиқарувчилари – «Deutsche Kabel», «Knauf», «Claas», «Papenburg» ва «Falk Porsche» муҳим ўринга эга. «Siemens», «BASF», «Thissen Group», «Roland Berger», «Adidas Group» каби ўз соҳаларидаги етакчи компаниялар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. «Deutsche Bank», «Commerzbank» ва «Landesbank» билан молиявий соҳадаги алоқалар ривожланиб бормоқда.
Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми сўнгги беш йил ичида 1,5 баробардан ортиқ, 2018 йилдаги 771,9 миллион доллардан 2022 йилда 1 миллиард 150 миллион АҚШ долларга ошди. Ва бу ўсиш тенденцияси давом этмоқда. Жорий йилнинг январь-июль ойларида томонлар салкам 610 миллион долларлик савдо айирбошлашни амалга оширди.
2015 йилда ташкил этилган Германия-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши (ГЎИК) савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтиришга катта ҳисса қўшмоқда. Кенгаш ўзига хос хусусиятга эга, чунки у Ўзбекистондаги ягона G2B платформаси ҳисобланади. ГЎИК ўз фаолияти давомида Германия ишбилармон доиралари ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқот учун энг муҳим платформага айланди.
Савдо ва сармоя бўйича ҳукуматлараро ишчи гуруҳи ҳам савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтиришга ҳар томонлама ёрдам бермоқда.
Давлатимиз раҳбарининг май ойидаги Германияга ташрифи чоғида бўлиб ўтган ишбилармонлик тадбирлари натижасида умумий қиймати 9 миллиард евродан ортиқ бўлган савдо шартномалари ҳамда сармоявий- технологик битимлар имзоланди.
Жорий йилнинг сентябрь ойида Германия ишбилармон доиралари делегацияси таркибига Савдо-саноат палатаси аъзолари, шунингдек, «Falk Porsche Technik GmbH», «Kabel AG» (DKG), «Schneider Group», «DB Engineering & Consulting GmbH», «GP Günter Papenburg AG» ва бошқа компаниялар раҳбарлари ҳамда вакиллари Ўзбекистонга ташриф буюриб, вазирлик ва идораларда самарали музокаралар ўтказди. Мамлакатимиз корхоналари ва тадбиркорлари фаолияти билан яқиндан танишди. Германия ишбилармонлар миссиясининг ушбу ташрифи икки давлатнинг савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштиришдан ўзаро манфаатдорлигини яна бир бор тасдиқлади.
Германияда икки томонлама муносабатлар фаоллашгани фонида Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси ва сайёҳлик салоҳиятига қизиқиш ҳам ортиб бораётир.
Жорий йил май ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Германияга ташрифи доирасида давлатимиз раҳбари германиялик ҳамкасби билан биргаликда Берлиндаги Жеймс Симон галереясида ташкил этилган «Ўзбекистон археологик хазиналари – Александр Македонскийдан Кушонлар давригача» кўргазмасининг очилишида иштирок этди. Кўргазма 2024 йил 14 январга қадар давом этади ва унинг фаолияти давомида Германия жамоатчилиги ҳамда мамлакат меҳмонларини ўзбек халқининг бой тарихи, бетакрор маданияти ва анъаналари билан таништирувчи турли маданий тадбирлар ўтказилмоқда. Кўргазмадан Ўзбекистондаги 9 та музей коллекциясидан 285 та тарихий ашёлар намойиш этиляпти.
Ўз навбатида, Ўзбекистонда ҳам Германия, унинг маданияти, тили, таълим ва бизнес имкониятларига қизиқиш ортиб бормоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистонда қарийб 300 минг мактаб ўқувчилари Гёте, Шиллер ва Кант тилини ўрганмоқда. 24 та мактабда немис тили чуқурлаштирилган тарзда ўргатиляпти. Улардан 6 таси, яъни Тошкент, Самарқанд, Марғилон, Фарғона, Андижон ва Бухоро шаҳарларидаги мактаблар немис тили дипломини бериш ҳуқуқига эга. Шунингдек, 4000 дан ортиқ ўзбекистонлик аспирант ва докторантлар Германиянинг турли университетларида таҳсил олмоқда.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Гёте институти, Германия Халқ университетлари ассоциациясининг Халқаро ҳамкорлик институти, Хориждаги мактаблар марказий бошқармасининг ваколатхонаси муваффақиятли фаолият юритмоқда. Улар билан бир қаторда юртимизда К.Аденауэр ва Ф.Эберт фондларининг ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашувчи ваколатхоналари очилган.
Ҳудудлараро ҳамкорлик доирасида Тошкент ва Берлин, Бухоро ва Бонн шаҳарлари ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатилган. Самарали маданий-маърифий алмашинувлар, барқарор ривожланиш лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Германия Оролбўйи минтақаси учун мақсадли жамғармани қўллаб-қувватлашга катта ҳисса қўшмоқда. Жумладан, жорий йилнинг март ойида жамғарма фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича келишув имзоланган бўлиб, унда Германия ҳукумати томонидан оғир экологик вазиятнинг Оролбўйи аҳолисига салбий таъсирини камайтиришга мақсадли ёрдам кўрсатиш учун 700 минг доллар ажратиш кўзда тутилган.
Германиянинг ҳиссаси миллий ва маҳаллий ҳамкорлар, БМТ тузилмалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва илмий доираларнинг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, Оролбўйида қўшма дастурлар ва молиявий кўмак туфайли озиқ-овқат, иқтисодий, ижтимоий, экологик, соғлиқни сақлаш муаммоларини ҳал этиш имконини бераяпти.
Бугунги кунда Ўзбекистонда 5 мингга яқин этник немис миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилади. Уларга ўз миллий анъаналари ва маданиятини асраб-авайлаш бўйича барча шароитлар яратилган. Мамлакатимизда немис миллатига мансуб фуқаролар нафақат ўзбек жамиятининг ажралмас қисми, балки икки давлатни боғловчи кўприк сифатида ҳам кўрилади.
Мухтасар айтганда, Ўзбекистон ва Германия муносабатларининг бугуни ривожи ўзаро ҳурмат ва манфаатдорлик тамойилларига асосланган стратегик шерикликни янада муваффақиятли ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратди. Шубҳасиз, Берлинда бўлиб ўтадиган Марказий Осиё мамлакатлари ва Германия етакчиларининг олий даражадаги биринчи саммити ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш ва кенгайтириш ҳамда икки мамлакат халқлари манфаати учун анъанавий ўзаро манфаатли ва дўстона Ўзбекистон-Германия муносабатларини мустаҳкамлаш учун янги истиқболларни очишга хизмат қилади.