Туркий давлатлар ташкилоти қишлоқ хўжалиги вазирларининг Бокуга ташрифи
2023-09-27 17:40:00 / Янгиликлар

Эслатиб ўтамиз, ТДТ Қишлоқ хўжалиги вазирларининг биринчи йиғилиши Ўзбекистонда бўлиб ўтганди.
Агрофорумда ташкилотга аъзо давлатлар (Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қирғизистон, Қозоғистон, Венгрия ва Туркманистон)нинг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати соҳаларида фаолият юритаётган 200 дан ортиқ йирик ишлаб чиқарувчи компаниялари раҳбарлари иштирок этди. Бу ўз навбатида укомпаниялар учун B2B учрашувлар орқали янги савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва кооперацион алоқаларни ўрнатиш борасида қулай платформа ҳисобланади.
Тадбирни Озарбайжон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Межнун Мамедов кириш сўзи билан очиб берар экан, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳосилдорликни янада ошириш, экологик тоза ва рақамли қишлоқ хўжалигини яратиш, экспорт маҳсулотлари тури ва географиясини диверсификация қилиш қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантиришнинг асосий ртамойиллари эканлигини таъкидлади.
Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ташкилотга аъзо мамлакатларнинг илмий-технологик ва иқтисодий салоҳияти мамлакатлар иқтисодиётининг барқарор ривожланишини, экспорт географиясини кенгайтириш ва жаҳон бозорига чиқишни таъминлашга имкон беришини таъкидлади.
Туркий давлатлар агробизнес форуми доирасида агросаноат мажмуасида ўзаро иқтисодий алоқаларни ккенгайтириш, жумладан, аъзо давлатлар ва кузатувчилар ўртасида ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга оширишга, товар айирбошлашни ошириш ва сармояларни сафарбар этишга эътибор қаратилди.
Боку тадбирлари доирасида иштирокчи давлатлар Қишлоқ хўжалиги вазирлари Озарбайжон Қишлоқ хўжалиги вазири Межнун Мамедов билан икки томонлама учрашувлар ўтказдилар. Жумладан, Ўзбекистон ва Озарбайжон Қишлоқ хўжалиги вазирларининг учрашуви самимий ва амалий руҳда ўтди. Унда аввалги учрашувларда белгилаб олинган ишларнинг бориши ва келгуси ҳамкорлик лойиҳалари муҳокама этилди.
Туркий давлатлар ташкилоти Қишлоқ хўжалиги вазирларининг II йиғилиши ва Туркий давлатлар II агробизнес форуми иштирокчилари Озарбайжоннинг собиқ Президенти Ҳайдар Алиев қабрини зиёрат қилдилар. Шунингдек, Шаҳидлар хиёбонида Озарбайжоннинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги учун жонини фидо қилган Ватан фарзандлари хотирасини ёд этдилар. «Туркий шаҳидлик» монументини ҳам зиёрат қилиб, унинг пойига гулчамбарлар қўйишди.


